Жаҳон | 19:11 / 19.03.2026
3256
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг фарзанди ва патент эгалари учун қоидалар кучайтирилади

Янги қонун лойиҳаларига кўра, мигрантларнинг 18 ёшга тўлган фарзанди 30 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши ёки ўз патентини расмийлаштириши шарт.

Фото: news.ru

Россия Давлат Думаси 18 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда меҳнат миграцияси соҳасидаги иккита қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонун лойиҳаларига кўра, мигрантларнинг 18 ёшга тўлган фарзанди 30 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши ёки ўз патентини расмийлаштириши шарт.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари нафақат ҳозиргидек ўзи учун, балки Россияда қарамоғида бўлган барча оила аъзолари учун қатъий белгиланган аванс тўлови шаклида солиқ тўлаши керак.

Мигрантга берилган патент ёки ишлаш учун рухсатнома унинг даромадлари миқдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаганда ёки даромадлар миқдори унга ва оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган минтақавий яшаш минимумидан кам бўлганда бекор қилинади.

Шунингдек, вақтинча яшаш учун рухсатнома ёки яшаш гувоҳномасини олган чет элликлар учун шартларни кучайтириш таклиф қилинмоқда. Агар меҳнат фаолияти йил давомида ўн ойдан кам вақтда амалга оширилган бўлса, улар берилмайди ёки бекор қилинади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид