Ўзбекистон | 16:49 / 12.11.2018
6844
4 дақиқада ўқилади

«Ўзатом» агентлиги Япония тажрибасини ўрганмоқда

«Ўзатом» агентлиги раҳбарияти Японияда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) институти томонидан ташкил этилган “Фукусимадаги бахтсиз ҳодисалар хавфини бошқариш” мавзуидаги семинарда иштирок этди. Агентлик ахборот хизматида шу ҳақида хабар берилди. 

29 октябрдан 1 ноябрга қадар «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Япония идоралари ва компаниялари билан қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказди. 

12 мамлакат вакиллари иштирокида ўтган семинар давомида Осиё мамлакатларида табиий офатлардан огоҳлантириш ва уларнинг асоратларини бартараф қилиш мақсадида қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Мазкур семинар доирасида дастур иштирокчилари Фукусима префектурасида бўлиб, табиий офат асоратларини бартараф қилишга оид чоралар билан танишишди (2011 йил 11 мартида Япония тарихидаги энг кучли зилзила ва ундан кейин юзага келган цунами Фукусимадаги АЭСда муаммолар келтириб чиқарди). Иштирокчиларга бундай кучли синовга дуч келган минтақа инфратузилмаси ва иқтисодиётини ривожлантиришга йўналтирилган муваффақиятли тадбирлар намойиш қилинди. 

Шунингдек улар Фукусиманинг Табиий офатларда хавфларни бошқариш минтақавий маркази, Фукусима қайта тикланувчи энергия манбалари институти, Фукусима Агросаноат технологиялар маркази, Сома-Футаба балиқчилар кооперативлар уюшмаси, Фукусима робототехника синов маркази ва бошқа объектларда бўлишди. 

АЭС фожиаси асоратларини бартараф этишга доир замонавий технологияларга асосланган самарали чора-тадбирлар нафақат минтақада нормал ҳаётни қайта тиклаш, балки тўлақонли иқтисодий фаолиятни давом эттириш, жумладан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва балиқ тутиш имконини берди. 2015 йилдан буён минтақада ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларида радиация нормалари ошиши кузатилмаган. Таъкидлаш жоизки, Японияда белгиланган меъёрлар Европа Иттифоқи ёки бошқа мамлакатларда ўрнатилган нормалардан анча қатъий. 
Японияга ташриф доирасида «Ўзатом» агентлиги делегацияси Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Токио шаҳрида қатор учрашувлар ўтказди ҳамда «Токай» атом электр станциясида бўлди. 

Таъкидланишича, 2011 йилги 9 балли зилзила вақтида «Токай-2» АЭС тўлиқ қувватда ишлаган ва барча ташқи энергия таъминот манбалари ўчирилгандан кейин авария тизими муваффақиятли ишлаган ва АЭС фаолиятининг хавфсиз тўхтатилишини таъминлаган. 

«Ўзатом» агентлиги делегацияси шунингдек Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг ядровий энергия бўйича халқаро ҳамкорлик департаменти директори Шинжиро Такеда ва Япония атом энергетикаси агентлиги президенти Тошио Кодама билан учрашди. 

Учрашув давомида Япония томон Ўзбекистоннинг АЭС қурилишига доир ташаббусини ижобий баҳолади ҳамда бу йўналишда энг аввало кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди. Хусусан, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Япония ўқув-машғулот марказларида таълим олишини ташкиллаштириш таклиф қилинди. 

Япония томон Фукусима АЭСдаги ҳодисаларга қарамай, атом энергетикаси мамлакат энергетика мувозанати ва унинг барқарор ривожини таъминловчи муҳим таркибий қисмлардан бирилигича қолаётганини таъкидлади. 

Томонлар Ўзбекистон ва Япониянинг стратегик ҳамкорлиги ҳамда Япониянинг атом энергетикаси соҳасидаги катта тажрибасини инобатга олиб, кадрлар тайёрлаш, тренинглар ташкиллаштиришга оид ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.

Мавзуга оид