Жаҳон | 19:55 / 11.11.2024
3515
2 дақиқада ўқилади

Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди

Бу Шигэру Ишиба бош вазир этиб тайинланган 1 октябрдан кейинги иккинчи ҳукуматдир.

Фото: AP

Япония императори Нарухито бош вазир Шигэру Ишиба бошчилигидаги янги ҳукуматни тасдиқлади. Маросим Токиодаги Император саройида бўлиб ўтди. Вазирлар маҳкамасида фақат учта янги тайинлов бўлди: 19 вазирдан 16 нафари ўз лавозимини сақлаб қолди. Бугун, 11 ноябр куни парламентда Ишибанинг бош вазир лавозимига номзоди учун овоз бериш якунланди.

Маросим чоғида император ҳар бир вазирга лавозимга тайинлангани тўғрисида билдиришнома топширди, деб хабар берди Kyodo. Янги ҳукуматда парламент сайловларида мағлуб бўлганлар ўрнига адлия вазири этиб Кейсуке Сузуки, қишлоқ хўжалиги вазири этиб Таку Это тайинланди. Ҳукмрон коалициядаги Либерал-демократик партия (ЛДП) ҳамкори «Комэйто» партиясидан Хиромаса Накано Давлат ерлари ва транспорт вазири бўлди. Ундан олдин бу лавозимда ишлаган Тецуо Саито «Комэйто» партиясига раҳбар бўлди.

Бу Шигэру Ишиба бош вазир этиб тайинланган 1 октябрдан кейинги иккинчи ҳукуматидир. Бу лавозимга тайинлангач, у сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун парламентни тарқатиб юборди ва муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қилди. Натижада, ЛДП ва «Комэйто» Вакиллар палатасида (парламент қуйи палатаси) сон устунлигини йўқотди. Шунга қарамай, парламент аъзолари унинг бош вазир этиб сайланишини қўллаб-қувватладилар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид