Фан-техника | 23:34 / 14.11.2018
11348
9 дақиқада ўқилади

Қайси компаниялар триллион доллар кўрсаткичга эришиши кутилмоқда?

Бугунга келиб инновацион сервисларни ривожлантириб, бозорга чиқаётган IT-гигантлар 1 триллион долларлик капитализацияга эришиш имконига эга. Маълумотлар йўқолиши билан боғлиқ можароларга аралашган эмитентлар эса ортда қолмоқда. Forbes журнали шу ҳақидаги қизиқ мақоласи билан бўлишди.

2018 йилнинг августида Apple 1 триллион доллар капитализацияга эришган биринчи оммавий компания сифатида эътироф этилди. Унинг энг яқин рақиби, Amazon онлайн-гипермаркети эса ўша вақт бу кўрсаткичга эришишига 1 фоиз қолганди, бироқ учинчи чорак ҳисоботидан кейин ўртадаги фарқ ошди. Юқори технологиялар секторидаги қолган гигант компаниялар — Microsoft, Alphabet (Google эгаси), Facebook ва Alibaba эса бу кўрсаткичдан янада узоқда. Номи қайд этилган ҳар бир компания капитализация чўққисига эришишда ўзига хос йўлни босиб ўтган. IT-корпорациялар қандай қилиб ўз триллионига эришмоқда?

Олтин «олма»

Ҳозир Apple капитализацияси 1 триллион доллардан пастлади, аммо бу вақтинча. Ҳойнаҳой тез орада қоғозлар котировкаси бир акция учун 115-120 доллар диапазонига қайтади. Бу ишонч нима билан асосланади? Котировкалар ўсиши учун асосий драйвер сифатида бизнес сегменти - компаниялар ва уларнинг маҳсулотлари хизмат қилади. Apple’да булар учта — iPhone, қурилмалар учун сервислар ва Apple Watch. iPhone бозори ўз иқтисодий циклининг авжида. Охирги бир неча йилда янги смартфонлар сотувлари пасайди, лекин компания ўз мобил қурилмалари нархини ошириш ҳисобига салбий таъсирларни қоплашнинг уддасидан чиқди.

Apple сервислари — янги йўналиш, у компанияларга сотилган гаджетлардан пул ишлаш имконини беради. iCloud, Apple Music, Apple Pay, AppStore кабилар шулар жумласидандир. Мижозлар Apple техникасидан қанчалик кўп фойдаланса, улар шунча кўп маълумот тўплайди. Шу тариқа, iCloud булут тизими секин-аста тўлгани сайин фойдаланувчилар уни кенгайтириш учун яна ойлик обунани харид қилишига тўғри келади.

Apple Music мусиқий платформаси Spotify учун жиддий рақибга айланди ва тез орада у пулли фойдаланувчилар сони бўйича Spotify’ни ортда қолдиради. Spotify капитализациясидан келиб чиқиб, Apple Music’ни ҳозир 35 миллиард долларга баҳолаш мумкин.

Apple Pay — тобора кўпроқ транзакциялар смартфонлар орқали ўтказилаётган нақдсиз иқтисодиётга ўтиш шароитларида компаниялар даромади ўсиши учун энг кучли драйверлардан бири. Forbes баҳоларига кўра, терминаллар орқали тўловларни амалга ошириш Apple’га тахминан ҳар бир операциядан 0,03-0,05 фоиз келтиради, интернет орқали харидлар эса 0,15 фоизли даромад билан таъминлайди. Сервислар асосан шу сегмент туфайли 2025 йилга бориб нафақат компания даромадининг асосий манбаи бўлиб хизмат қилади, балки унинг маргиналлигини ҳам 25-30 фоизга оширади.

Apple Watch «ақлли» соатлари корпорациянинг тиббий қурилмалар бозорига чиқишини таъминлайди. Гаджетларнинг охирги моделида ЭКГ қилиш мумкин. Кейинчалик ушбу қурилманинг диагностик функциялари янада кенгаяди.

Эҳтимол, Apple Watch ёрдамида қон таҳлиллари ва физиологик суюқликлар билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни ўтказиш ва шу тариқа диабет, онкология, буйракдаги етишмовчилик каби касалликлар белгиларини аниқлаш имкони пайдо бўлар. Келгусида Apple умумий даромадида бу йўналиш ҳиссаси ошиши ва корпорация даромад манбалари рўйхатида учинчи ёки тўртинчи ўринни эгаллаши мумкин.

Бўлғуси қироллар

Amazon, Microsoft ва Alphabet — триллион долларлик чўққини забт этиш учун навбатдаги номзодлар. Уч компания ҳам Amazon Web Services, Azura ва  Google Cloud орқали булут технологиялар сегментида фаол ривожланмоқда.

2018 йилда дунёдаги булут бизнеси ҳажми 75 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу бозорнинг 33 фоизи – AWS, 18 фоизи – Microsoft Azure ва тахминан 10 фоизи Google Cloud’га тегишли. Мазкур сегмент 150 миллиард доллар кўрсаткичига етиш учун 2020 йилгача йилига 40 фоиздан қўшиб боради.

Amazon чакана бизнеси янги бозорларга чиқиш нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб қолмоқда. Сўнгги икки йилнинг ўзида компания энг катта соғлом озиқланиш дўконларидан бири ҳисобланган Whole Foods ва энг йирик онлайн-дорихона PillPack’ни харид қилди. Икки бизнес ҳам компанияга миллиардлар келтирмоқда, бироқ Amazon кўламининг интенсив кенгайиши ҳисобига уларнинг ҳиссаси икки ва ҳатто уч бараварга ошиши мумкин.

Бу фонда Microsoft ва Google кўрсаткичлари бироз орқада, зеро уларнинг бизнеси секинроқ ривожланади, аммо уларнинг ўзига яраша ўсиш драйверлари бор. Microsoft учун бу энг аввало фрилансер ва бизнес учун онлайн-хизматлардир, ойлик обуна орқали бу хизматлардан фойдаланиш мумкин. Иқтисодиётнинг интернет майдонга ўтишига қараб бу йўналишлар барқарор ривожланиб боради.

Alphabet’да вазият бироз бошқача. Компания реклама даромадининг ўсиши секинлашади, кейин эса умуман тўхтайди, зеро Google’да реклама жойлаш учун янги платформалар пайдо бўлаётгани йўқ. Интернет-гигант фойдаланувчиларни жалб қилишга кўпроқ маблағ сарфлай бошлади. Молиявий кўрсаткичларни ошириш учун Google Bets сервиси кучли драйвер бўлиб хизмат қилиши мумкин, компания унга миллионлаб доллар сарфламоқда.

Alphabet ривожлантираётган яна икки стартап — Waymo ва Deep Mind’ни унутмаслик керак. Waymo мустақил бошқарилувчи автомобиллар учун технологиялар ишлаб чиқишга ихтисослашган. Расмий маълумотларга кўра, унга тегишли машиналар ҳайдовчисиз 20 миллион миль йўлни босиб ўтган. Waymo бу технологияни обуна бўйича сотиш ва барча автомобилларни ўз дастурий таъминоти билан жиҳозлаш имконини қўлга киритса, бу Alphabet’га рекламадан кўп пул келтиради. Тўлиқ мустақил бошқарувли автомобиллар синовлари муваффақиятли якунланган тақдирда, салоҳиятли спин-офф Waymo’ни 100-200 миллиард долларга баҳолаши мумкин.

Сунъий интеллект ишлаб чиқишда мисли кўрилмаган чўққиларни забт этган Deep Mind’да ҳам шундай вазият. Айнан у энг яхши го (мантиқий стол ўйини) ўйинчисини мағлуб қилган дастурни ишлаб чиққан. Экспертлар компьютер 2020 йилгача инсонни мағлуб қила олмайди, деб ҳисоблашар эди, бироқ Deep Mind бу ишни 2017 йилда амалга оширишнинг уддасидан чиқди. Alphabet гиганти серверларни совутишга доир харажатларни камайтириш учун Deep Mind алгоритмларини қўлламоқда, компаниянинг тиббий диагностикадаги ишланмаларидан фойдаланилмоқда. Сунъий интеллект имкониятлари чексиз ва Alphabet айнан шунга умид қилмоқда.

Amazon катта эҳтимол билан яқин тўққиз ой ичида 1 триллион долларлик кўрсаткичга эришиши мумкин, Microsoft ва Alphabet’га эса бунинг учун бир ярим йил атрофида вақт керак бўлади.

Катта аутсайдерлар

Facebook ижтимоий тармоғи ва Alibaba онлайн-ритейлерида эса яқин 1,5-2 йил ичида капитализацияни 1 триллион долларга етказиш имкони кам. Бизнес-модель нуқтаи назаридан Google билан ўхшаш бўлса-да, Facebook фойдаланувчилар маълумотлари йўқолиш асоратларидан жабрланмоқда. Давлатлар бу йўналишдаги назоратни кучайтиради, бу эса ижтимоий тармоқ ривожланишини секинлаштиради.

Alibaba — Amazon’нинг Хитойдаги муқобили, бироқ ХХР ялпи ички маҳсулоти ўсиш суратларининг пасайиши ва АҚШ билан савдо уруши натижасида компания салоҳияти анча чекланди. Уй бозори ихчамлашуви ва булут технологияларининг ривожланиши каби кучли ўсиш драйверларининг мавжудлиги инвесторларнинг Alibaba акцияларига бўлган барқарор қизиқишини кафолатламайди, зеро Хитой иқтисодиёти катта таваккал остида.

Шундай қилиб, бугунга келиб 1 триллион доллар кўрсаткичга эришиш учун икки кучли номзод мавжуд — Apple ва Amazon. Инвесторлар кутилмаганда ўз молиявий кўрсаткичлари билан ажаблантириши мумкин бўлган Microsoft ва Alphabet’ни ҳам кузатишлари керак, лекин уларга бироз вақт керак.

Қандай бўлмасин, юқорида номлари келтирилган барча компаниялар нафақат инвестицион ғоялари билан қизиқ, уларнинг ишланмалари, технологиялари, хизматлари ва маҳсулотлари бутун дунё одамларининг ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда.

Мавзуга оид