Иқтисодиёт | 00:35 / 18.12.2018
4744
2 дақиқада ўқилади

Франция йирик технологик компанияларга “рақамли” солиқ киритишни режалаштирмоқда

Франция Европа Иттифоқи қарорини кутиб ўтирмай, 2019 йил бошидан Google ва Facebook каби йирик халқаро технологик компанияларга янги солиқ киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Франция молия вазири Брюно Ле Мэрга иқтибос келтирган ҳолда Financial Times нашри маълум қилди. 

Еврокомиссия рақамли иқтисодиёт муаммосини ҳал қилувчи халқаро келишув тузилмагунча хорижий технологик компаниялар тушумидан “рақамли” солиқ олишни таклиф қилди. 

Ушбу таклиф Европа Иттифоқи даражасида ҳали тасдиқланмаган. Декабрь бошида Ле Мэр Франция бу масаланинг кўриб чиқилишини ушбу солиқнинг параметрлари бўйича Европа даражасида келишиб олиш учун март ойигача қолдиришини маълум қилганди. Бироқ оммавий тартибсизликлар сабабли Франция президенти Эммануэл Макрон томонидан эълон қилинган ижтимоий имтиёзлар ҳукуматни янги молия манбаларини тезроқ топишга мажбур қилмоқда. IT-компанияларга солинадиган солиқ эса бюджетга йилига 500 млн евро келтириш имконини беради.

Франция мудофаа вазири ушбу солиқ кичик технологик компанияларга тааллуқли бўлмаслигини, бироқ рекламадан тушган даромаддан солиқ олиш вариантидан кўра кенг  қамровлироқ бўлишини айтган.

Шу билан бирга Франция даромад солиғини 2019 йилда 33 фоиздан 31 фоизга, 2022 йилгача эса 25 фоизгача туширишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид