Ўзбекистон | 12:28 / 16.11.2018
8379
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни туғилган куни билан табриклади

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Бугун, 16 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мулоқот аввалида давлат раҳбари Қирғизистон Республикаси президентини 60 ёшлик юбилейи билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар тилади.

Томонлар сўнгги вақтларда ўзаро муносабатлар, биродар халқлар ўртасида кўп асрлик дўстлик ва мамлакатлар орасидаги яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш бўйича ижобий ҳаракатлар кузатилаётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзбекистон-Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришдаги муҳим воқеага ўтган йил декабрь ойида президент С. Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи айланди, унинг якунлари бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид муҳим битимлар ва келишувларга эришилди.

Мулоқот чоғида ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро савдо-сотиқни кенгайтириш, саноат, энергетика, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида кооперацияни мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Томонлар минтақалараро ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини тўлиқ очиб бериш лозимлигини билдиришди.

Икки мамлакат чегараолди ҳудудлари ўртасида мунтазам қўшма тадбирларнинг самарали натижалари чуқур мамнуният билан қайд этилди. Жорий йилнинг март ойида Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Маданий-гуманитар алмашинув фаоллашди. Ўтган ойда Қирғизистон маданият ва санъат кунлари мамлакатда муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистонда таниқли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қирғизистон президенти давлат раҳбарига самимий табрик ва ниятлар учун миннатдорлик изҳор этди.

Давлатлар раҳбарлари телефон орқали мулоқот якунида икки қардош халқлар манфаати йўлида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича қатъий ният мавжудлигини тасдиқлашди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашиши хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид