МТВ, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ Ўзбекистон мактабгача таълим тизимидаги ўқиш учун муҳитнинг мувофиқлигини муҳокама қилди
Бугун, 19 ноябрда Тошкентда “Болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун инновацион ўқиш муҳитининг ўрни” деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун инновацион ўқиш муҳитининг долзарблигига бағишланган мазкур халқаро анжуман Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ), Жаҳон банки ва БМТ Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маҳаллий ва Россия, Жанубий Корея, Жанубий Африка, Буюк Британиядан халқаро экспертлар ҳамда Европа Кенгаши Тараққиёт банки, Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, тегишли вазирликлар ва давлат идораларининг мутахассислари шаҳар ва қишлоқ жойларда мактабгача таълим инфратузилмасини қуриш ва янгилаб, замонавийлаштириш соҳасида тажриба алмашишди.
"Рақобатдош мактабгача таълим тизимини яратиш учун янги бошқарув тамойилларини жорий этиш лозим. Хусусан, унинг ривожланишини ахборот, кадр, бошқарув ва молиявий ресурсларни интеграциялашув ва ҳамкорлик принциплари асосида таъминлаш керак. Мактабгача таълим соҳасида самарали лойиҳалаштириш ва таълим муҳитини яратиш механизмларини жорий этиш мактабгача бўлган нодавлат таълим муассасалар тармоғини ривожланишига, улар кўрсатаётган хизмат сифатини ошишига, шунингдек, ушбу соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланишига ёрдам беради", деди мактабгача таълим вазири Агрепина Шин.
Жаҳон банки ваколатхонаси раҳбари Хидеки Морининг сўзларига кўра, ҳукумат томонидан 2021-йилга қадар 6-7 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим тизимига кириш имкониятини юз фоиз таъминлаш режалаштирилган. Жаҳон банки ушбу соҳадаги ўзининг халқаро тажрибасини Ўзбекистон билан улашишга ва мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш учун молиявий ресурсларни тақдим этишга тайёр.
Хусусан, 2019 йилда Жаҳон банки мамлакат бўйлаб болаларни сифатли мактабгача таълим олиш имконияти билан таъминлашга қаратилган лойиҳа учун 55 млн доллар ажратади. Шунингдек, ушбу маблағ умумтаълим мактабгача тизимини, жумладан, шаҳар ва қишлоқ жойлардаги мактабгача таълим муассасаларидаги таълим муҳити сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилади.
2017 йилда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2000 оила ўртасида ўтказилган сўровига кўра, таълим инфратузилмаси Ўзбекистоннинг мактабгача таълим тизими учун айниқса долзарбдир. Ота-оналар қониқарсиз инфратузилма мактабгача таълим учун асосий тўсиқлардан бири эканлигини қайд этишди.
Шу сабабли анжуман қатнашчилари ҳукуматнинг кейинги ўн йил давомида минглаб мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ҳақидаги режаларини олқишлашди. Улар болаларнинг кейинги жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланишини таъминлаш учун самарали ўқиш муҳити ғоясининг ушбу жараёнларга жорий этилиши зарурлигини эътироф этишди.
Конференция давомида қатнашчилар шаҳар ва қишлоқ ҳудудларда болалар учун самарали ўқиш муҳитини шакллантиришдаги қийинчиликлар, таълим инфратузилмаси ва синфхоналар тузилишининг ўқувчилар ўзлаштиришига таъсири, болалар учун дўстона ва ёшга мувофиқ замонавий ускуналар ва мебель анжомлари ҳамда ўқув материалларини жорий этиш каби қатор мавзуларни муҳокама қилишди.
Жаҳон банки Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун умумий миқдори 3,3 млрд доллардан ошиқ бўлган 18 лойиҳани амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳалар муҳим макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларининг бошқаруви, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт ва шаҳар хўжалиги тармоқларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Мавзуга оид
15:42 / 30.10.2024
Маълумотлар “кафт устида” бўлса, тўғри қарор чиқариш эҳтимоли ортади – Тошкентда маълумотларни бошқариш мавзусида конференция бўлиб ўтди
12:29 / 03.10.2024
“Ресурслар тугайди, ғоялар эса йўқ” – креатив иқтисодиёт конференцияси давом этмоқда
21:42 / 04.09.2024
Мактабларнинг бўш ерларида ДХШ асосида боғча қуришга рухсат берилади
17:34 / 04.09.2024