Ўзбекистон | 12:29 / 03.10.2024
16391
3 дақиқада ўқилади

“Ресурслар тугайди, ғоялар эса йўқ” – креатив иқтисодиёт конференцияси давом этмоқда

Ўзбекистон IV Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференциясига мезбонлик қилмоқда. Анжуман 2 октябр куни очилди, 4 октябрга қадар давом этади. Унда 2000 дан ортиқ делегатлар қатнашмоқда. Ресурсларнинг чегараси бор, ғояларники эса йўқ. Креатив иқтисодиёт бу – ғояларга асосланган иқтисодиёт, дейди иштирокчилар.

Бу йилги конференциянинг асосий мавзуси “Инклюзив креативлик – ўзгарувчан реаллик”. Муҳокама марказида эса креатив иқтисодиётнинг келажаги, энг янги технологияларнинг унга таъсири бўлмоқда, масалан, сунъий интеллектнинг. Маданий ва креатив саноатлар ҳар йили тахминан 2,3 триллион доллар даромад келтиради. Глобал ЯИМнинг 3,1 фоизи айнан креатив иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келади. 2030 йилга бориб бу 10 фоизга етиши кутилмоқда. Бу галги халқаро конференцияни инглиз актрисаси, топмодел-медиа персона Naomi Campbell очиб берди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон бош вазири сўзга чиқиб, креатив иқтисодиётнинг ўрни ҳақида гапирди. Ариповга кўра, давлат ЯИМнинг 5 фоизи айнан креатив иқтисод ҳиссасига тўғри келиши мақсад қилинмоқда. БМТ савдо ва тараққиёт конференцияси бош котиби Ребека Гринспан эса глобал савдо хизматлари улуши тушиб бораётгани, технология савдони ҳам эгаллагани, креатив иқтисодиёт эса глобал ЯИМнинг 7-12 фоизигача ҳиссага эга бўлиши кутилаётганини айтди.

Мен доим айтаман, талант, яъни истеъдод дунёдаги энг яхши дистрибютор. Дунёнинг ҳар бир бурчагида креатив иқтисодиёт ўз аудиториясини топа олади, мижозлари кафолатланган”, - дейди БМТ вакили.

Ушбу халқаро платформа муаллифи – Индонезия ҳисобланади. Биринчи марта бундан 6 йил аввал айнан Индонезияда креатив иқтисодиёт глобал муҳокама мавзусига айланган. Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатдики, бугун Индонезия экспортининг 93 млрд доллари креатив иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келади ва бу бизнинг ЯИМ 8 фоизи дегани, деди давлат туризм ва креатив иқтисодиёт вазири.

Қатар музейлари ва Доҳа филм институти раиси Шайха Ал-Маясса фикрича, муваффақият – маданий меросда.

Хитойлик профессорнинг айтишича, мавзунинг муҳимлиги сунъий интеллект билан боғлиқ.

“Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт интеграцияси – ажойиб натижалар беради. биз сунъий интеллект орқали бир-бирини такрорламайдиган ғоялар яратишимиз мумкин. Масалан, архитектура, санъат, музейлар, қурилиш дизайни, реклама саноати бунда энг тўғри келадиган йўналишлар”, - дейди Ченчинг Зонг.

 Санъат ва иқтисод бир-бирига боғлиқ, дейди француз архитекторлар ассоциацияси директори Борина Андрйў.

Иқтисод санъатни молиялаштиради. Ҳар хил лойиҳалар билан омма жалб этилади. Иқтисод, маданият ва креативлик – бир бирини тўлдирувчи айланма. Масалан, сизда бой тарих ва маданият бор, уни сиз тақдим этасиз ва иқтисодингиз фойда кўради. Биргина музейни олайлик, сиз бу музейни ташкил қиласиз, қанча бой экспонатларингиз бўлса, қўясиз. Улар эса қадрини йўқотмайди ва фойда келтиради. Ҳеч нима йўқотмасдан иқтисод фойда кўради. Қанча иш ўрни ҳам яратилади”, - дейди Андрйў.

Мавзуга оид