Ўзбекистон | 22:38 / 20.11.2018
29303
3 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киритиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, жиноий иш қўзғатилди

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Олий таълим муассасаларига ноқонуний йўллар орқали ўқишга киритиб қўйиш фаолияти билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси собиқ ходими Ш.Х., Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ бўлинма бошлиғи Ж.С. ва яна бир гуруҳ шахслар жиноий гуруҳга бирлашиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган шахслар билан тил бириктириб, 8-10 минг АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиш билан шуғулланиб келгани аниқланган.

Улар «паровоз»лардан фойдаланишган, яъни «абитуриент»ларнинг фуқаролик паспортларидаги фотосуратларини қалбакилаштириб, уларнинг ўрнига юқори назарий билимга эга бўлган жиноий гуруҳ аъзоларини киритишган.

Хусусан, 2018 йил июль ойида 7 нафар абитуриентнинг паспортларидаги фотосуратлари ўрнига жиноий гуруҳ аъзоларининг расмларини махсус ускуналар ёрдамида жойлаб, қалбаки фуқаролик паспортлари асосида Тошкент давлат юридик университетига киритиш учун, 1 нафар абитуриентни эса Фарғона давлат университетига ўқишга киритиш учун ҳаракат қилиб кўришган ва ДТМ рухсатномасини олишга ҳам муваффақ бўлишган.

Жиноий гуруҳ аъзолари турли вақтларда қўлга тушган. Масалан, уларнинг бири ТДЮУ қабул комиссиясига ДТМ рухсатномасини олиш учун келган вақтда, тақдим қилган фуқаролик паспортдаги фотосурат қалбаки экани аниқланган. 

Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари эса 1 август куни ТДЮУга ўқишга кириш учун ўтказилган тест синовларига қалбаки ҳужжатлар асосида кирган. Тест жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоси Ж.Ф. давлат имтиҳонларига «абитуриент» У.У. ўрнига киргани аниқланиб, қўлга олинган.

Бундан ташқари, тергов давомида Тошкент шаҳар прокуратурасининг топшириғига асосан ТДЮУда ноқонуний ўқишга кириш ҳолатларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилиб, мазкур комиссия абитуриентлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва имтиҳон жараёни тасвирга олинган видеоёзувлар таҳлил қилинди.

Натижада, жиноий гуруҳ томонидан бир гуруҳ абитуриентлар ўрнига қалбаки ҳужжатлар асосида тест синовларини ечиб чиққани, улар ТДЮУга давлат гранти ва шартнома асосларида ўқишга қабул қилингани аниқланган.

Жиноят иши бўйича 7 нафар шахсга Жиноят кодекси 28, 211-моддаси (пора беришга далолатчилик қилиш), 228-моддасида (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айблов эълон қилиниб, уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қалбаки ҳужжатлар асосида, қинғир йўллар билан Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилинган шахслар талабалар сафидан чиқарилди.

Мавзуга оид