Фан-техника | 21:48 / 21.11.2018
5098
2 дақиқада ўқилади

Apple’нинг энг йирик етказиб берувчиси “оғир йил” сабабли харажатларни кескин қисқартирмоқчи

Apple’нинг энг йирик етказиб берувчиси, Тайваннинг Foxconn компанияси 2019 йилда харажатларни 2,9 млрд долларга камайтирмоқчи. Бу ҳақда компания ички ҳужжатларига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди. Ҳужжатларда Foxconn’ни олдинда “оғир ва рақобат йили” кутаётгани айтилган. Компаниянинг охирги 12 ой ичидаги харажатлари 6,7 млрд долларни ташкил қилганди.     

Компания 2019 йилда Apple смартфонларини ишлаб чиқаришга харажатларни 865 млн долларга камайтирмоқчи. Шунингдек, компания нотехник ходимларини 10 фоизга қисқартирмоқчи.
 
Bloomberg агентлиги Foxconn’нинг бундай йўл тутишини iPhone’нинг қолган етказиб берувчилари тўқнаш келган қийинчиликлар билан боғламоқда: аввалроқ Apple ҳамкорлик қиладиган 4 та компания смартфонларга талаб камлиги сабабли даромадлари камайишини маълум қилишган.   

Apple iPhone’нинг учта янги модели: XS, XS Max ва XR’ни 12 сентябрда тақдим қилганди. Ноябрда Nikkei япон нашри компания XR смартфонларини талаб камлиги сабабли қўшимча ишлаб чиқаришни бекор қилганини маълум қилганди. Компания бунинг ўрнига ҳозирда арзонлашган iPhone 8 ва iPhone 8 Plus смартфонларига буюртмалар олишни кўпайтирган. Нашрнинг кўрсатишича, Foxconn дастлаб iPhone XR учун 60 та йиғиш линиясини тайёрлаб қўйган бўлган. Бироқ бу линиялардан 45 тасини ишлатган, чунки асосий харидор унга смартфонлардан ҳозирча бундай кўп миқдорда керакмаслигини айтган. 19 ноябрда Apple барча янги моделлари ишлаб чиқарилишини қисқартиргани маълум қилинган. Манбаларнинг тушунтиришича, бу қадам талаб кутилгандан камроқ бўлгани билан боғланган.

Мавзуга оид