Жаҳон | 20:44 / 21.11.2018
4212
2 дақиқада ўқилади

Карлос Гоннинг ҳибсга олиниши Nissan раҳбариятининг “иши” бўлиши мумкинлиги маълум қилинди 

Renault-Nissan альянси раҳбари Карлос Гоннинг ҳибсга олиниши Renault ва Nissan’нинг бирлашиши режаси билан боғланган бўлиши мумкин. Аноним манбалардан маълум бўлишича, бу бўйича қарор бир неча ой ичида қабул қилиниши керак эди. Nissan бошқарув кенгаши бу бирлашувга қарши бўлган ва бунга ҳар қандай усул билан йўл қўймаслик имконини қидирган.

Financial Times нашри маълумотларига кўра, Карлос Гон Токио аэропортида ҳибсга олингунгача айнан шу масала билан шуғулланган. Nissan бошқаруви бунга қатъий қарши чиққан, чунки бу Renault мақомини мустаҳкамлаши мумкин бўлган. Ҳозирда французларга Nissan’нинг 43 фоиз акцияси тегишли бўлиб, бу уларга компаниядаги бизнес жараёнларни назорат қилиш ва раҳбарият аъзоларини танлаш имконини берган. Бу орада Nissan Renault’нинг овоз бериш ҳуқуқисиз бор-йўғи 15 фоиз акциясига эгалик қилади.

Asahi Shimbun нашрининг маълум қилишича, Токио прокуратураси ходимлари Nissan билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари Гоннинг самолёти Ханеда аэропортида қўнишининг аниқ вақтини билишган.

Карлос Гон даромадларни яширишда ва компания маблағларини мақсадга мувофиқ сарфламасликда айбланмоқда. Ички тергов давомида Гон компания ҳисобига кўчмас мулк харид қилгани ва уни таъмирлатгани маълум бўлган. Аниқланишича, у Рио-де-Жанейро, Байрут, Париж ва Амстердамда бир неча миллиард иенга уйлар сотиб олган. Гонга ушбу айблов бўйича 10 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Мавзуга оид