Молдован эгаси Қўқон кўчаларида қолдириб кетган Nissan автомобил энг қадрланадиган юртда қадрсиз бўлди: қарийб 500 кун чанг босиб ётган машина давлат ихтиёрига ўтказилиб, аукцион савдоларига чиқарилди. Бир мазза қилиб “иномарки” минай, дея ният қилган қўқонлик Козим Раҳимов аукционда қатнашиб, машинани сотиб олди. Бироқ у Nissan билан бирга бошига ғалва ҳам “сотиб олганини” машина эшигини очгандагина билди: автомобилнинг рул бошқаруви ўнг томонда эди.
Фарғонада Nissan автомобили билан боғлиқ қизиқ ҳолат содир бўлди: аукцион савдоларига чиқарилган ва фуқаро томонидан сотиб олинган машинани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилмоқда. Чунки ушбу автомобилнинг рул бошқаруви ўнг томонда жойлашган. Машинани 47 млн сўмга сотиб олган Козим Раҳимов эса энди нима қиларини билмай, боши қотган.
Кўчада қолдирилган Nissan
Қўқон шаҳрининг Юзлар кўчасидаги 51-уй яқинида чет эл давлат рақам белгиси тақилган Nissan автомобили анча пайт чанг босиб, қаровсиз ҳолда турди. Ўтган-қайтганлар бирор кун эгаси келиб олиб кетар-да, дея машинага эътибор беришмасди. Кейинчалик ушбу Nissan молдовалик Сергей Кодриану исмли шахсга тегишли экани маълум бўлди.

Сергей Кодриану Ўзбекистонга 2020 йил 26 январ куни Қорақалпоғистоннинг “Даут-ата” божхона чегара пости орқали кириб келганди. Ўшанда унга транспорт воситасини 2022 йил 31 март кунига қадар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш мажбурияти берилган. Сергей Кодриану нима мақсадда келгани ва машинасини нега қолдириб кетгани бизга қоронғи.
2023 йил 9 август куни “Андархон” божхона чегара пости инспектори томонидан Қўқон шаҳрида қаровсиз қолдириб кетилган ТО228ТI давлат рақам белгили Nissan машинаси топилади. Автомобил “Авто” ягона ахборот алмашув тизими дастури орқали текшириб кўрилганида у Сергей Кодриануга тегишли экани, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилиши керак бўлган муддатдан 497 кун ўтиб кетгани аниқланади. Шу сабабли транспорт воситасига 298 млн 498 минг сўм миқдорда тўланиши лозим бўлган божхона йиғимлари ҳисобланган.
ЖИБ Қўқон шаҳар судининг 2023 йил 3 октябрдаги қарори билан Сергей Кодриану машинасини белгиланган муддатда Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқмагани учун 660 минг сўм жарима жазосига тортилган. Nissan эса Қўқон шаҳридаги божхона омборига вақтинчалик сақловга олинган.















