Жамият | 20:08 / 21.11.2018
8440
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ёшлар Медиа-форуми ва «Озод юрт тўлқинлари» XI анъанавий медиа-фестивали бўлиб ўтди

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташкил этилганининг 15 йиллиги муносабати билан Зарафшон концерт залида Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган Ёшлар Медиа-форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси – Қаҳрамон Қуронбоев, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси – Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори – Шерзод Қудратхўжаев, «Водий садоси» радиостанцияси бош муҳаррири – Феруза Абдураҳмонова спикер сифатида қатнашиб, бугунги кун журналистикаси борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Форум доирасида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамкорлиги натижалари, 2019 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти, турли муҳокамалар, ёшлар иштирокида янги дастурлар тақдимоти ўтказилди.

«Ўзбекистон ёшлари ҳаётини кенг ва ранг-баранг ёритиш мақсадида Ёшлар иттифоқи муассислигида «Yoshlar» ва «Mening yurtim» телеканаллари, «Yoshlar ovozi» радиоси ҳамда «Yoshlar ovozi» ва «Молодёжь Узбекистана» газеталари, «Ёш куч», «Дугоналар» журналлари фаолият юритади. 2019 йилда ушбу нашрлар янгича ёндашув асосида ёшларбоп кўринишда қизиқарли, янгиликларга бойлиги билан  ёш қалбларни забт этади», – дейди Қаҳрамон Қуранбоев. 

Ўтказилаётган Ёшлар медиа форуми давомида журналистлар стипендияси танлови эълон қилиниб, унга оид видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, келгуси йилда  ҳар бир ҳудудда ёшлар медиа марказлари ташкил этилиши алоҳида таъкидланди.

«Мажбурий обунани ёқламайман. Чунки ҳеч кимни мажбуран ўқитиб бўлмайди. Агар газеталарда аниқ, қисқа ва сифатли ахборот бериб борилса, газетхоннинг ўзи ихтиёрий равишда обуна бўлади. Энг муҳим капитал — инсоний капитал. У асосан, китобхонлик ва таълим орқали ривожлантирилади», — дейди Шерзод Қудратхўжаев.

Мазкур тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси  ва  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Якунда Ёшларга оид давлат сиёсатини кенг тарғиб қилиш, ёшлар ҳаётини ёритишдаги фаоллиги учун «Ўзбекистон 24» телеканалидан Ҳулкар Бўриева, Муслима Омонқулова, «Ёшлар» телеканалидан Тўлқин Алибеков, «Менинг юртим» телеканалидан Сарвар Баҳодиров, Ҳуснора Саъдуллаева ва «Севимли» телеканалидан Камрон Алимқулов, Шарофат Маҳмудова, «Зўр ТВ» телеканалидан Жаҳонгир Хўжаев, «УзРепорт ТВ»дан Гулноза Ҳусанова, ЎзЭОАВМА Радио Ахборот маркази ходими Нигора Ходжаева, «Рухсор» радиосидан Зиёвуддин Ҳакимов, «Anhor.uz»  мухбири Лобар Исламова, «Мулоқот ТВ» мухбири Одил Хўжаев, «Жиззах ТВ» вакили Набижон Эргашев, «S-Иқбол»дан    Хайрулло Қуронбоев, «Элликқалъа ТВ» ходими Тамара Жуманиёзова, «Насаф ТВ»дан  Дилноза Мамадалиева,    «Ишонч ТВ»дан эса Элёр Гўрўғлиев тақдирланди.

Тадбир «Ўзбекистон нодавлат оммавий ахборот воситалари: келажак чақириқлари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро конференциясига уланиб кетди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбар ҳамда вакиллари, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Халқаро конференция нодавлат оммавий ахборот воситаларининг эркин, самарали фаолият юритиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурилишидаги ролини муҳокама қилиш, унинг долзарб масалалари бўйича тажриба алмашиш  мақсадида ташкил этилди. Конференция иши 6та сессияда кўриб чиқилди. Анжуманда «Болаларни тарбиялаш ва уларнинг ривожланишдаги ОАВнинг кенг кўламдаги фаолияти», «Мустақил журналистиканинг ривожланиши: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт», «ОАВ, ҳукумат ва фуқаролик жамияти манфаатларини таъминлашдаги ўзаро уйғунлик», «Парламент комиссияси фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш воситаси», «Халқаро медиа стандартларнинг асослари. Германия тажрибаси», ЎзЭОАВМА ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлиги натижаларига оид масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, «Келажак – бугундан бошланади» шиори остида «Озод юрт тўлқинлари» XI анъанавий медиа-фестивал ҳам ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари даврасида миллий  журналистика ривожига муносиб ҳисса қўшаётган нодавлат телерадиоузатувчиларнинг энг яхши ижодий ва техник ходимлари «Инновацион ёндашув учун», «Оилавий  қадриятлар доим трендда», «Тезкор, аниқ ва батафсил», «Марказда ёшлар», «Ҳудудда етакчи», «ЎзЭОАВМАнинг энг яхши медиа лойиҳалари» номинациялар бўйича телестанция ва радиостанция вакиллари такдирланишди. Шунингдек, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини ёритишда фаол ҳамкорлиги учун», «Нодавлат телерадиоузатувчилар ривожига қўшаётган ҳиссаси учун», «ЎзЭОАВМА билан ишончли ва узоқ йиллик ҳамкорлиги учун», «Болалар ва ёшлар йўналишидаги фаол ҳамкорлик учун», «ЎзЭОАВМА билан самарали ижтимоий шериклик учун» номинациялари бўйича эса ҳамкор ташкилотлар тақдирланишди. Ғолибларга «Озод юрт тўлқинлари» ҳайкалчалари, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мавзуга оид