21 ноябрь куни жанубий кореялик Ким Жонг Янг Интерполнинг янги раҳбари этиб сайланди. У Интерпол раҳбарлиги учун асосий номзод сифатида қаралган, ташкилот вице-президенти, россиялик генерал Александр Прокопчукни ортда қолдирди. Унга халқаро ташкилотнинг бош ассамблеясида ўтказилган сайловда 98 аъзо овоз берди.

Аъзолари сони бўйича БМТдан кейин иккинчи ўринда турувчи ушбу ташкилотга қачон ва қаерда асос солинган, вазифалари нималардан иборат?

Интерпол — Халқаро жиноят полицияси ташкилотининг қисқартирилган номи бўлиб, унинг асосий вазифаси умумий жиноятларга қарши курашда ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.  

Ташкил этилиши тарихи

1889 йилда Халқаро жиноят ҳуқуқи иттифоқининг таъсис мажлиси ўтказилади. Унда иштирок этган давлатлар «халқаро жиноятчилик» пайдо бўлганини қайд этишади ва турли давлатлар полициясини биргаликда ҳаракат қилишга чақиришади. Мунтазам фаолият кўрсатадиган, миллий ва халқаро даражадаги тузилма ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилади.

1905 йилда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Халқаро жиноят полицияси иттифоқининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда давлатларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида халқаро жиноятчиликка қарши курашиш бўйича махсус тузилма ташкил этиш ҳақидаги мурожаатнома тасдиқланади.

1914 йилда Монако князлигида князь Альбер I’нинг фаол иштирокида 14 давлат полициячилари қатнашган жиноят полициясининг I халқаро конгресси бўлиб ўтади. Конгрессда халқаро жиноят полицияси комиссиясини тузиш ташаббуси маъқулланади, аммо Биринчи жаҳон уруши бу режанинг амалга ошишига халақит беради.

1923 йилда Венада, жиноят полициясининг II халқаро конгрессида умумий жиноятчиликка қарши курашишда айрим мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун Халқаро жиноят полицияси комиссияси ташкил этилади. Комиссия ўз фаолиятини Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам давом эттиради. Устав бўйича Комиссия раиси аввалига Австрия, 1938 йилдан эса Германиядан бўлади, Интерпол бош қароргоҳи Берлинга кўчирилади. Ташкилотга СС генераллари Рейнхард Гейдрих (1940–1942), Артур Небе (1942–1943) ва Эрнст Кальтенбруннер (1943–1945) президентлик қилади. Натижада аксарият мамлакатлар ундаги иштирокларини тўхтатади ва Интерпол халқаро ташкилот сифатида мавжудлигини