Жаҳон | 19:31 / 22.11.2018
7197
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Россиядан меҳнат мигрантлари муаммоларини ҳал этишда ҳамкорлик қилишни сўради

Қирғизистон Россия ҳудудидаги қирғизистонлик меҳнат мигрантларининг муаммоларини ҳал этишда ҳамкорлик қилишини сўраб Россия томонига мурожаат қилди. Қирғизистон ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари консуллик хизматлари вакилларининг Бишкекдаги учрашувида ушбу мавзу кўтарилган.

"Асосий эътибор Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига қаратилди. Қирғизистон фуқароларини Россияда миграцион ҳисобга қўйиш, уларга ойлик маошларини ўз вақтида тўлаш, меҳнат мигрантлари оила аъзоларига мажбурий тиббий суғурта расмийлаштириш ҳамда РФ ҳудудида тижорат транспортини бошқариш учун икки давлат миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланишда давом этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди", дейилади ТИВ хабарида.

ТИВ матбуот хизматининг билдиришича, томонлар Россия ҳудудидаги қирғиз меҳнат мигрантларининг "ҳолатини яхшилаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга" келишиб олишган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Россияда Қирғизистоннинг 650 мингдан ортиқ фуқаролари меҳнат қилмоқда.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид