4 кунда 903 нафар ишсиз бандлиги таъминланиб, 2181 нафар ёшлар тўгаракларга жалб этилди
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда кўмаклашиш, “Устоз-шогирд” анъанасини кенг тарғиб қилиш мақсадида республика бўйлаб 19 ноябрдан “Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда.
Жиззах вилояти Зарбдор туманида ҳафталик доирасида “Ёш мутахассис – келажак бунёдкори” шиори остида коллеж битирувчилари ва уюшмаган ёшлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Мулоқотда ёшларни иш билан таъминлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, тумандаги саноат объектлари ва улардаги бўш иш ўринлари, касб-ҳунар коллежларини тугатиб, меҳнат бозорига биринчи марта кириб келаётган ёшларнинг корхона ташкилотига ишга кирган пайтда айнан нималарга эътибор беришлари, тадбиркорлик кўникмалари ва унинг сир-асрорлари ҳақида мутахассислар томонидан керакли тушунча ва тавсиялар бериб ўтилди.
Тадбир давомида ёшларга “Ёшлар – келажагимиз!” жамғарма фаолияти тўғрисидаги тақдимот намойиш этилди. Иштирокчилар “Ташаббус-2018” кўрик-танлови туман босқичи ғолиби “Бинокор Меъмор” МЧЖга саёҳат қилишди. Пойабзал ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада ёшлар пойабзал тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Лойиҳа доирасида Дўстлик туманидаги “In Style” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида ҳам бандлик масаласига қаратилган тадбирда мамлакатимизда касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун иш ўринлари яратиш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
— Жорий йилда фаолият бошлаган корхонамизда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари асосан, Россия Федерациясига чиқарилади, – дейди “In Style” қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Зоиржон Шарипов. Тажрибали тадбиркор ўтган ойдан Германияга ҳам экспорт қилганини, ҳозирда 300 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада яна 500 та иш ўрни яратилаётганлигини таъкидлади. Бу каби лойиҳалар нафақат иш изловчига, балки иш берувчига ҳам фойдали. Лойиҳада қатнашган 3 нафар ёш ушбу корхонада ишлаш истагини билдирди. Улар билан тегишли тартибда меҳнат шартномалари имзоланди.
Ҳафталик доирасидаги амалий ишлар Навоийда ҳам давом эттирилди. Навоийлик бир гуруҳ ёшлар иштирокида Конимех туманидаги “Конимех АCКОМЖ” МЧЖга бизнес саёҳати уюштирилди. Ёшлар саёҳат давомида иссиқхона фаолиятини ўрганишди.
“Конимех АCКОМЖ” МЧЖ раҳбари Наврўз Ибрагимов ёшларга фаолияти ҳақида гапириб, 2 гектар ер майдонидан 150 тонна помидор ва 90 тонна бодринг олиш режасини маълум қилди. У ҳозирги вақтда 15 та иш ўрни иш билан таъминлаган. Кейинги саёҳат Навоий вилоятида биринчи бўлиб гипс ишлаб чиқарувчи корхона “Навоий гипс хомашё” МЧЖда бўлди. Корхона раҳбари Аслиддин Ҳусанов томонидан корхона тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.
Бу каби лойиҳаларнинг ўтказилиши иш берувчи корхоналар ва тадбиркорлик субъектларига ўзларига муносиб кадрларни танлаш, ёшлар учун эса иш топиш имконини яратади. Наманган вилоятида ҳам ёшлар ва иш берувчи корхоналар ўртасида учрашувлар, меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Наманган ёшлар марказида ҳафталик доирасида ўтказилган ўқув семинарда 80 нафар уюшмаган ёшлар ва талабалар иштирок этишди. Мазкур семинарда малакали тренерлар томонидан тадбиркорлик соҳасининг сир-асрорлари ёшларга интерактив усуллар асосида ўргатилди.
– Ҳафталик бўйича “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари” ҳам ташкил этилиб келинмоқда. Ушбу ярмаркалардан кўзланган мақсад эса ёшларни ўз мутахассисликлари бўйича касб-корга йўналтиришдир, – дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ходими Мирзабаҳром Абдуллажонов.
Бухоро вилоятида давом этаётган “Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳафталиги” тобора қизғин тус олмоқда. Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган меҳнат ярмаркалари, “Бизнес саёҳат”лар, ўқув-семинарлари ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб боряпти. Худди шундай тадбирлардан бири Ромитан туманида ҳам ташкил этилди. Ёшлар иттифоқининг туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланган “Ромстар” ва матони тайёр маҳсулотга айлантириб берувчи “Имидж текстиль” масъулияти чекланган жамиятларига маҳаллалардаги ишсиз ёшларнинг “Бизнес саёҳати” ташкил этилди.
— Бугунги кунга қадар ишлаб чиқариш корхоналарида ишлашдан ҳадиксирар эдим, – дейди лойиҳа иштирокчиси Сирож Алиев. – Тасаввуримга кўра, бу каби корхоналарда ишлаш жуда хавфли деб ўйлаганман. Саёҳат давомида эса ишлаб чиқариш корхоналарида ишчиларнинг хавфсизлиги таъминлангани, энг муҳими ускуналар билан “тил топишиб”, ишдан чалғимаслик эканлигини билиб олдим. Мазкур корхонада бўш иш ўринлари борлигини эшитиб, имкониятларимни синаб кўришга аҳд қилдим.
Бундай саёҳатлар ёшларни меҳнат фаолиятига тайёрлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганлар учун амалий тажриба ҳисобланади.
“Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” ҳафталиги доирасида Навоий вилоятидаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги тўгараклар кўргазмаси, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси туман филиалларининг тақдимоти ҳамда ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг “Менинг биринчи маҳсулотим” шиори остидаги савдо-кўргазмаси, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, ёш ихтирочилар томонидан яратилган инновацион ихтиролар ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ўқув марказларининг тақдимотлари ташкил этилди. Ушбу тақдимотларда 400 га яқин ёшлар иштирок этишди. 15 нафар ёш иш билан таъминланди.
–— “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида 500 млн. кредит олиб, 10 нафар тенгдошимни иш билан таъминладим. Ҳозирда мебель ишлаб чиқариш йўналишида изланиш олиб бормоқдаман. Яқин кунларда 15 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ниятим бор. Бугунги меҳнат ярмаркасида яна 10 та иш ўрни билан қатнашяпман, – дейди тадбиркор Шоҳрух Муҳаммедов.
Ҳафталик давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи хамда ҳудудий ҳокимликлар ҳамкорлигида “Ёш мутахассис - келажак бунёдкори!” шиори остида ёш мутахассислар ва иш берувчи корхоналар ўртасида учрашув хамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси тақдимоти ташкил этилди. “Тадбиркорлар ва ёшлар” мавзусида йирик тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар учрашувлари бўлиб ўтди. Ишсиз ёшлар учун “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари” ташкил этилди. “Фидойи ёшлар меҳнат отрядлари”да фаол иштирок этган илғор ёшлар учун байрам дастурида фаол ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳафталикнинг ўтган 4 куни давомида 186 та туманда “Ёш мутахассис – келажак бунёдкори!” шиори остида ёш мутахассислар ва иш берувчи корхоналар ўртасида учрашув ҳамда “Ёшлар – келажагимиз!” жамғармаси тақдимоти ташкил этилиб, 6284 нафар ёшлар иштирок этди. Улардан 2181 нафар ёшлар тўгаракларга жалб этилди. 27 туманда “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари” ташкил этилиб 903 нафар ёшлар корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Ҳафталик 24 ноябрга қадар давом этади.
Мавзуга оид
09:00
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
15:53 / 07.11.2024
Япония ва Полшага ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
11:30 / 31.10.2024