Жамият | 12:00 / 23.11.2018
27184
5 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги Энамяхши қишлоғида ҳаво ифлослантирилмоқда. Мутасаддилар чора кўришга ваъда берди

«Kun.uz» таҳририятига Каттақўрғон тумани, «Мелихўжа» маҳалласидаги Энамяхши қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда қишлоқ атрофида ғишт ва оҳак ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир нечта корхоналар мавжудлиги, уларда ёқилаётган кўмир ва резина баллонларидан тарқалаётган тутун ҳавони ифлослантираётгани, бу эса қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётгани баён этилган.

Ушбу мурожаат жойида ўрганилди.

Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам қишлоқ атрофида бир нечта корхона фаолияти йўлга қўйилган. Улардан чиқаётган заҳарли ҳаво эса қишлоқ аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

«Бизнинг уйимиз оҳак ишлаб чиқарадиган корхонага яқин жойлашган. Кўмир ва резина баллонлар ёқишади. Унда чиқаётган заҳарли ҳаво эса нафас олишни қийинлаштиради. Кечаси ухлолмаймиз, кўзларимиз ачишади. Шу заҳарланган ҳаводан нафас олмасин, деб невараларимни ҳам ҳовлига чиқармайман. Бу муаммони ҳал этадиган бирор идора ёки ташкилот борми?», – дейди 72 ёшли отахон Ашир Қўчқоров.

Қишлоқ аҳолиси яна бир қанча эътирозларини баён этишди. Уларнинг айтишича, ушбу корхоналар қишлоқ ҳудудида бўлса-да, уларга бирор фойдаси йўқ. Қишлоқдан бирор кишини ишга ҳам қабул қилмайди. Корхоналардан чиқаётган заҳарли ҳаво эса қишлоқда турли касалликлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Ўзини қишлоқ оқсоқоли деб таништирган Ҳ.Хушназаров ҳам бу борада фикрларини билдирди.

«Тадбиркорликка ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ. Шу ерда ишлаб чиқариш корхоналари қанча кўпайса, шунча хурсанд бўламиз. Аммо буни белгиланган меъёрларга амалга қилган ҳолда қилиш керак. Кўриб турганингиздек, ғишт ва оҳак ишлаб чиқараётган корхоналар печларида бирорта мўрикон йўқ. Тутун ва аччиқ ҳид тўғридан-тўғри ҳавога тарқалмоқда. Ёзнинг иссиқ кунларида бунга чидаб бўлмайди. Бу муаммо бир-икки йилдан буён бутун қишлоқ аҳолисини қийнаб келмоқда», – дейди Ҳ.Хушназаров.

Ушбу эътирозларни ўрганиш учун қишлоқ аҳолиси тураржойларига яқин жойлашган «Самарқанд тараққиёт» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқарилаётган печларни бориб кўрдик.

Бу ерда ҳақиқатан ҳам резина баллонлар ва кўмир ёқилмоқда. Печларда мўриконлар йўқ.

Мазкур ҳолат юзасидан «Самарқанд тараққиёт» МЧЖ раҳбари Шермуҳаммад Қобиловдан изоҳ сўрадик.

«Ушбу корхона фаолиятини яқинда йўлга қўйдик. Ҳали оҳак пиширишга мўлжалланган печларнинг ҳаммасини ишга туширмадик. Синов тариқасида ишлатяпмиз. Яқинда хориждан замонавий технологиялар харид қиламиз. Шунда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар ҳам ҳал этилади», – дейди Ш.Қобилов.

Қишлоқ аҳолисини қийнаётган мазкур муаммо юзасидан Каттақўрғон туман ҳокимлигида туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Н.Санақулов, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси туман вакили Ж.Аҳмедов билан учрашдик. Мутасаддиларга қишлоқ аҳолисининг эътирозларини етказдик.

«Қишлоқ атрофидаги корхоналар қишлоқ ҳавосини ифлослантираётганидан хабаримиз йўқ. Ғишт ишлаб чиқараётган корхоналарда Хитой технологияси ўрнатилган. Ундан заҳарли ҳаво чиқиши мумкин эмас. Оҳак ишлаб чиқараётган корхонадаги ҳолатни ҳам ўрганамиз. Аҳоли эътирозлари тасдиғини топса, зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз», – дейди Н.Санақулов.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси туман вакили Ж.Аҳмедов ҳам вазият ўрганилишига ваъда берди.

Шу куни мутасаддилар айтилганидек, ҳолатни жойига бориб ўрганди. Туман ҳокими ўринбосари Н.Санақуловнинг маълум қилишича, белгиланган меъёрларга жавоб бермагани учун оҳак ишлаб чиқараётган корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, туман мутасаддиси мутахассислар иштирокида ўрганиш ишлари давом этишини, қишлоқ аҳолисини қийнаётган муаммони ҳал этиш учун зарур чоралар кўрилишини билдирди.

«Kun.uz» таҳририяти ҳам бу муаммо ижобий ечим топишига умид билдиради ва воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид