Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ис газини аниқлайдиган махсус мослама ишлаб чиқариш йўлга қўйилди: унинг афзаллиги нимада?
Совуқ кунлар яқинлашиши билан табиий газ таъминоти суст бўлган ҳудудларда аҳолининг иссиқлик энергиялари, электр токига бўлган талаби кескин кўпаяди. Бу даврда фуқароларнинг куз-қиш мавсумидан талофатларсиз, эсон-омон чиқиб олишлари жуда муҳим ҳисобланади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2018 йил 15 ноябригача Ўзбекистонда ис гази билан боғлиқ жами 31 та нохуш ҳолат қайд этилган. Ушбу ҳолатларда 101 нафар фуқаролар жабр чеккан, яна 48 нафари вафот этган. Ис газидан заҳарланиш ҳолатлари асосан аҳоли зич ҳудудлар: Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида кузатилмоқда.
Kun.uz ис газидан жабр кўрганлар ҳақида мунтазам маълумот бериб, ҳолатни мониторинг қилмоқда. Ҳукумат аянчли вазиятларни камайтириш, олдини олиш борасида қатъий чораларни қидирмоқда.
Масалага ечим сифатида Наманган шаҳрида ҳавода ис гази ва табиий газ миқдорини аниқлайдиган махсус мослама ишлаб чиқарилмоқда. Бу аҳолини мавсумдан соғ-омон ўтиб олишларини таъминлашда яна бир самарали ечим бўлиши кутилмоқда.

“Аҳолини ис газидан заҳарланиш ва ёнғиннинг олдини олиш” МЧЖ раҳбари Ҳусанбой Юнусовнинг айтишича, хорижда ҳам аҳоли бу турдаги аппаратлардан кенг фойдаланади. Ўзбекистонда эса ҳали ушбу инновация йўқ эди.
“Мавжудлари ҳам чет элдан қиммат нархда импорт қилинади. Шунинг учун халқимизда бунақа қурилма ҳақида деярли тушунча йўқ. Унинг афзалликлари ҳақида гапиришдан аввал баҳосини тушириш керак. Бунинг учун маҳсулот ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш керак эди.

Ғоя 5 йил олдин пайдо бўлган. Президент виртуал қабулхонаси очилгандан кейин ўз таклифларимни берганман. Тадбиркорларга ҳам ўз ташаббусимни айтганман. Жорий йилда вилоятимизга Президент ташриф буюрганида ҳам ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлади ва мана, шунинг натижасида қурилма оммавий равишда 1 ноябрдан бошлаб ишлаб чиқариляпти”, - дейди у.
Ишлаб чиқарувчи маҳсулотни Жанубий Корея технологияси ва тажрибасини ўрганган ҳолда тайёрлашини билдирди.

“Корхонамиз ходимлари у ерда ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, ўз билимларини ошириб қайтишди. Махсус ускуналарни корейс ҳамкорларимиздан сотиб олиб, 3 йиллик тажриба-синовлардан сўнг (корхона 2015 йилда ташкил топган) Наманганда ишлаб чиқаришни бошлаб юбордик.
“HOME GS” деб аталувчи маиший универсал ҳимоя газосигнализатори ёнувчи метан, пропан ва заҳарли ис газларини автоматик равишда сезади ва белгиланган миқдордан ортиб кетганда махсус клапан орқали газни тармоқдан узиб қўяди. Қурилма сизиб чиқаётган газ хавфи бартараф этилгунга қадар огоҳлантирувчи овозли сигнал бериб туради. Қурилма электр энергияси йўқ бўлган тақдирда хам 12 соат мустақил электр энергиясиз узлуксиз ишлай олади. “HOME GS” газосигнализаторидан ахоли яшаш уйлари, барча ижтимоий-иқтисодий объектлар, кўп қаватли уйлар, иссиқлик станциялари, саноат корхоналари хамда барча газ қурилмаларидан фойдаланадиган объектларда кенг фойдаланиш мумкин”, - дея қўшимча қилади у.

Ис гази ҳақида нималарни биламиз?
Ис гази (SO) рангсиз, ҳидсиз, заҳарли бирикма бўлиб, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари, табиий газ бутунлай ёнмаслиги натижасида юзага келади. Ушбу модда инсон организмига нафас йўллари орқали таъсир қилади. У гемоглабин билан кислородга нисбатан 300 марта кучли бирикма – карбоксигемоглабинни ҳосил қилади. Оқибатда гемоглабиннинг тўқималарга кислород ташиш қобилияти сусаяди ва бу гипоксия (кислород етишмаслиги), оғир ҳолатларда эса аноксияга олиб келади. Шу тариқа инсон ҳаётига нуқта қўйилиши мумкин.
Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
08:56 / 16.05.2026
Наманганда 5 млн туп гул билан фестивалга тайёргарлик кўрилмоқда
14:22 / 24.04.2026
Наманган шаҳри собиқ ҳокими устидан суд бошланди
09:17 / 04.04.2026
Ноқонуний биологик фаол қўшимчаларни етказиш занжири фош этилди
08:25 / 06.02.2026