Жамият | 22:27 / 24.11.2018
38127
11 дақиқада ўқилади

Инсон қандай яшаши керак?..

Отам ҳаёт, саксонга кирганлар, ҳалиям соғлом ва тетик. Ҳозирга қадар томорқада ишлайди: ўзи экади, ўзи ўради. “Отажон, қўйинг энди ишлашни, оёқ узатиб дам олинг, санаторияларга бориб, маза қилиб юрмайсизми?”, дейман. “Болам, қўл-оёғи соғ бўла туриб ҳам ишламасдан бўларканми, бекорчидан Худо безор...”, дейди. Умрим давомида отамнинг бекор турганини кўрмадим, Худога хуш келмайдиган ишлардан ҳамиша нарида бўлган.

Эсимда, биз болалари бўлар-бўлмасга вақтимизни йўқотсак “вақт ўғриларисан”, деб қаттиқ койирди. Ҳайратларим, бутун умри далада меҳнат билан ўтган отам пенсияга чиқиб, араб ёзувини мукаммал ўрганди, “Қуръони карим”ни аслида ўқийди. Томорқадан олган даромади ва нафақа пулларини йиғиб, Ҳаж сафарларига бориб қайтди. Ҳали ҳам қўли ишда, кўзи китобда. Қишлоғимизда Ортиқ бува деганлари бор, 90 ёшда, лақаби “Япон бобо”, кўрсангиз шу ёшида ҳам икки йигитнинг ғайрати бор дейсиз, велосипедни ёш боладай учириб ҳайдайди, шу ёшида ҳам мақомларни қойиллатиб куйлайди. Томорқасида тинмайди. “Япон бува, уйқусида ҳам ишлайдиганлар хилидан”, дейди у ҳақида ҳамқишлоқларим.

Ўтган йили таътилда Бухоронинг Лабиҳовузида томоша қилиб юрсак, хорижий меҳмонларни етаклаб, уларга таржимонлик қилиб юрган, қорачадан келган бир бола эътиборимни тортди. 12-13 ёшлардаги бола инглиз тилида балодай гапирарди, гўё инглиз тилини сув қилиб ичган дейсиз.

— Тирикчилик қандай бўляпти? — ҳазиллашдим мен.

— Бўлопти, куния 20-30 доллардан, — деб жавоб беради йигитча бухороча шевада жилмайиб.

Отам, ҳамқишлоғим Ортиқ бува ва таржимон болани умумлаштириб турган бир жиҳат бор. Бу улардаги ғайрат, шижоат, тиниб-тинчимаслик... Ғайратли, тиниб- тинчимас, юрагида ўти бор одамлар... Уларнинг мақсадига етиш йўлида ҳар қанча қаршилик қилинг, йўлини тўсинг уларга писанд эмас, керак бўлса, учиб ўтадилар. Аслида, улар ҳам биз каби оддий инсонлар: кулади, ишлайди, нафас олади... Лекин улар гўё бизнинг оламимиздан эмас, гўё Яратган эгам бандаларининг бахтли, фаровон ҳамда хотиржам яшаши учун уларнинг қалбига туганмас ва ўчмас бир чўғ солиб қўйган. Биз дам олаётганимизда улар ишлаётган, ухлаётганимизда улар фикрлаётган бўлади. Ҳаловатини йўқотиб ҳаловат, хотиржамлигини йўқотиб хотиржамлик топади улар.

Баъзан ўйланиб қоламан. Навоий бобомиз ўзига тўқ, таъбир жоиз бўлса, бир умр ётиб еса ҳам тугамайдиган даражада мулкдор бўлган. Ҳукмдорнинг дўсти, тинч-хотиржам ва фароғатда яшаса бўларди-ку?! Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва ал Бухорийларнинг илми уларни ўз юртида ҳам боқишга етарди. Нега улар чексиз машаққат, саргардонлик, мусофирлик ва риёзат йўлини танладилар?! Нега!?

Жавоби битта ва жуда оддий, назаримда. Буюк одамлар, улуғ инсонлар ўзи учун яшамайди, улар инсониятнинг бахти учун, бахтли қилиш учун яшайди. Инсониятнинг корига ярамоқ уларниг қисматига битилган. Улар Ҳазрати инсонни бахтли кўриш учун ҳам ўз нафсига жилов ва тушов урганлар. Бу каби инсонлар яшаб ўтдилар. Ҳозир ҳам бор. Бундан кейин ҳам яшайдилар. Лекин мени бир нарса ўйлантиради. Нега менда ўшалар каби бўлишга рағбат , сизда истак, уларда хоҳиш йўқ!? Минг бор узр, кўнглингизга тегиб кетган бўлсам, ўз қобиғимизга қачонга қадар ўралиб яшаймиз. У дунёмиз ва бу дунёмизда ҳам бир чақалик қийматга арзимайдиган ўткинчи ҳою ҳаваслар ортидан қачонгача чопамиз. Дунё матоҳлари учун оҳлар урамиз. Тилла тақмасак, машинамиз бўлмаса, олам кўзимизга тор ва қоронғи кўринади. Гўёки бизнинг омадимиз йўқ, бахт биздан юз ўгирган деймиз, ҳасратимиздан чанг чиқади. Дунёдаги барча нарсалар инсон учун яратилганини, инсон эса синов учун яратилганини унутдикми?

Ҳазрат Навоий айтадилар: “Қурт жондан кечиб ипак бўлди, Тухум жондан кечиб чечак бўлди. Ипак қуртича ғайратинг йўқми. Лола тухумича ҳимматинг йўқми?” Айтинг, қачон ўзимизда ҳеч бўлмаганда ипак қуртичалик ғайрат, лола тухумичалик ҳиммат топамиз. Чамамда, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, тепса-тебранмас, лоқайд одамлар кўпайиб бораётгандай. Кўчада иккитаси жанжаллашиб турса, индамаймиз. Автобусда ўғри бировнинг чўнтагига тушаётганини кўрамиз, жиммиз. “Нима қиламан бошимни оғритиб, эртага мени гувоҳликка чақиради, менга ким бўпти улар”, деймиз. Ҳадисда айтилишича, инсон то ўзини ўзгартирмагунча, Оллоҳ уни ўзгартирмас экан. Тафаккуримизни, иш тарзимизни, қотиб қолган қалбимизни ўзгартириш фурсати келмадимикин. Озгина ақли бор, ҳатто кўр одамга ҳам аён ва тушунарли бўлган бу очиқ ҳикматдан нега таълим олмаймиз. Замон ўзгарди, тараққиёт шиддат билан давом этмоқда.

Аллоҳга шукроналар бўлсинки, Мустақил бўлганимизга ҳам мана 26 йилдан ошди. Биз танимиз бир бўлаги бўлган она Ватанимиз, халқимиз учун нима қилдик, нима қиляпмиз. Баъзи туппа-тузук, тиллари бурро, гапирганда одамни сеҳрлаб қўядиган кимсалар нолиб қолади. Нима эмиш, яшаш оғир бўлаётган эмиш. Икки-уч миллион сўм ойлик олаётган бўлса-да, етмас эмиш. Бу гапни ейишга нони, ухлашга бошпанаси йўқ африкалик одам эмас, шинамгина уйи, тагида машинаси бор, қора қозонида ҳар куни гўшт қайнаётган одам айтаяпти. Ҳай, ҳай, ҳай. Орзуни сал камайтиринг, биродар! Сиз дабдабали тўй қиламан, тўйга фалон минг долларга Фалончини олиб келаман, уч қаватли иморат қураман десангиз Қоруннинг ҳам молу дунёси етмас балки. Бу гапни ўзини саводлиман деб кўкрагига уриб даъво қилаётган, энг ачинарлиси, пайғамбарларнинг ҳаёти давомида тўйиб овқат емагани, устига тузукроқ кийим киймаганини биладиган одам айтаяпти. Афсус...Суф...

Мени ҳаётда бир нарсага: тўрт мучаси соғ, ақли расо, тўкис одамнинг ҳаётдан, яшашидан нолиганига ақлим етмайди. Яратган бизга битмас-туганмас хазиналар берган: гапиришга тил, кўриш учун кўз хазинаси, эшитишга қулоқ, юришга оёқ, ишлашга қўл, ақл... Ахир буларнинг ҳар бири улкан хазина-ку, бу неъматлар орқали истаганча бойлик, обрў-эътибор, ҳаттоки, эътироф топиш мумкин.

Бир газетада 20-асрнинг бошида яшаб ўтган россиялик кўзи ожиз Василий Ерошенко ҳақида ўқиб қолган эдим. Тақдири аламли бўлган болакай 4 ёшида кўр бўлиб қолади. Хотираларида бор-йўғи тўртта нарсани “осмон, кабутарлар, яшаган черков ва ниҳоят онасининг чеҳрасини” хира-шира эслашини айтади. Василий тақдирга тан бермайди. У зўр бир иштиёқ билан скрипка, гитара чалишни ўрганади. Москванинг машҳур ресторанларининг бирида скрипка чалади. Эсперанто тилини ўрганади. Англиядаги мусиқа академиясида ўқиб туриб, шарқ маданиятига қизиқади, япон тилини ўрганади. Токиога бориб, Кўзи ожизлар мактабида бирданига 4 та йўналиш: мусиқа, тиббиёт, психология ва адабиёт йўналиши бўйича таҳсил ола бошлайди. Массаж ва игна орқали даволаш илмини ҳам ўрганади. Энг ҳайратланарлиси, бир сўқир одам ҳаёти давомида йигирмага яқин тилни, жумладан, инглиз, япон, хитой, турк тилларини ўрганади. Ҳатто унинг бу тилларда ёзган ҳикоялари, шеърлари марказий нашрларда чоп этилади. Маълумотларга қараганда, Василий Ерошенко бир муддат қўшни Туркманистон Республикасида ҳам яшаб брайл ёзувининг туркманча талқинини яратиб, аввал Кушкада, кейин эса Тошкентда ҳам кўзи ожизларга дарс берган. Кўзлари ожиз, ёрдамга муҳтож бир инсоннинг матонатига қаранг. Унинг жасоратига, сабрига, шижоатига техника мўъжизалари билан бутун дунёни лол қолдираётган японларнинг ўзи ҳам ҳали-ҳануз қойил қолмоқда.

Бир танишим жиянини Тошкентга - менинг олдимга юбориб, иложи бўлса, бирор ишга жойлаб қўйишимни илтимос қилди. Йўқ дея олмадим. Келди. Гаплашдик. Полвон йигит экан, бўйи салкам 2 метр атрофида, тоғни урса талқон қиладиган, билагида бир филнинг кучи бор, бир уриб буқани ағанатади дейсиз кўриб.

—  Ишга келдим, тоға.

 —  Нима, ўзингизда иш йўқми?

—  Иш кўпу, ойлиги камда...

— Хўп, нима иш қилмоқчисан.

—  Бозорда арава сурсам дегандим...

Ана гапу мана гап. Шу бўй, шу қомат билан арава сураман деса-я. Орзуга айб йўқ, лекин мен ундан катта мақсадлар кутгандим... Унга жуда ачиндим, унга жуда раҳмим келди. Бўйига яраша мақсади йўқлигига, ҳаётни жуда майда қаричлар билан ўлчаганига, бир қумурсқачалик ғайрати йўқлигига... Инсон қандай яшаши керак?! Оддийгина савол. Жавоби донишмандларни-да ўйга толдирадиган даражада мураккаб.

Ҳар гал машҳур шоир Абдулла Ориповнинг “Шундай яшар одатда одам ” шеърини эслаганимда вужудимда қандайдир бир нарса туғён уради, гўё қоним кўпириб, шеърдан бир туганмас қувват олгандай бўламан. Ўзимда ҳаётга, яшашга бўлган муҳаббат кучайганини сезаман.
 

Қўй, қеракмас, қўйинг керакмас,

Менга ором тиламанг, дўстлар.

Хилват соз деб, қистаманг, дўстлар,

 Менга бундай ором керакмас!
 

Ногаҳонда хаёлга ботсам,

Ё ухласам, уйғотинг дарров.

Номим тутиб сўз қотинг дарров,

Беҳудага бир ёққа борсам.
 

Қўлларимдан ушлаб ўшал дам,

Курашларни сафига қўшинг.

Қур, ярат денг, ҳайқир денг, жўш денг,

Шундай яшар одатда одам!

Ҳар кандай инсоннинг аслида қандай яшаши кераклиги юқоридаги шеърда аниқ ва лўнда шаклда айтилган. Келинг, ҳаётда, ишда, яхшилик йўлида... ҳар биримиз ёниб яшайлик, ҳайқириб яшайлик! Шубҳасиз, биз шунга муносиб халқмиз. Шундагина биздан халқ мамнун, Яратган рози бўлади!

Раҳматулла Султонов,
“O`zbekiston” телерадиоканали бош муҳаррири

Мавзуга оид