Муносабат: Газета кимга ва нега керак?
Аввалбошдан айтиш жоиз, қуйида билдирадиган фикрлар фақат босма нашрлар, босма оммавий ахборот воситалари хусусида. Бу мулоҳазаларнинг бошқа шаклдаги ОАВга асло алоқаси йўқ.
Бугун мамлакатимизда босма нашрларда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг профессионал этикасию, уларнинг маҳоратини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича семинар-тренинг ва кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда, бу борада тинимсиз тортишувлар, фикрий муҳорабалар бўлмоқда. Айни ҳолат қўпол бўлса-да, ҳали қурилмаган ёки йиқилиб тушиш хавфи бор уйга қандай гилам тўшаймиз, қандай жиҳозлаймиз қабилидаги тортишишга ўхшайди. Чунки аввал приоритетли масала бўлган саволга жавоб топиш зарур. Яъни, аввал уйни қуришни ёки унинг йиқилмаслиги чорасини кўриш керак. Зеро, ҳозир фақат мамлакатда эмас, бутун дунёда босма нашрлар бундан кейин мавжуд бўладими йўқми, деган савол долзарб бўлиб турибди.
Босма нашрлар оммавийлигининг пасайиши бир нечта тенденцияларнинг ўсиши билан боғлиқ. Биринчиси, интернетдан кенг кўламда фойдаланиш имкониятининг ошиб бориши. Тахминларимизга кўра, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони аҳолининг 50-55 фоизини ташкил этади (албатта буларнинг барчаси актив фойдаланувчилар эмас). Иккинчи тенденция – ижтимоий тармоқдан фойдаланиш давомийлиги ва жадаллигининг ошиши. Ушбу кўрсаткич ҳам ошиб бормоқда, ҳозирги пайтда улар ўрта ҳисобда бир кунда уч соатни ташкил этади. Учинчи ўта муҳим омил – мобил мосламалар сонининг ошиб бориши. Аввало, планшет ва смартфонлар сони ортиб бормоқда, улардан ахборот олиш учун фойдаланилмоқда ва кўп жиҳатдан мазкур қурилмалар қоғоз ўрнини эгаллаяпти. Тўртинчи омил – уй компьютерига боғлиқ бўлмаган ҳолда тармоқдан кенг миқёсда фойдаланишни амалга ошириш имконини берувчи 5G тармоқларининг қурилиши. У таъминлайдиган тезлик ҳатто кичик шаҳар ва қишлоқларда ҳар қандай контент, шу жумладан, видео ва аудиони юклаб олиш имконини беради.
Фикримизча, газета ва журналлар келажагининг учта асосий сценарийсини белгилаб олиш мумкин. Биринчи сценарий етарли даражада ачинарли: аксарият қисми ёпилиб кетади. Бир қисми интернетга кўчишга ҳаракат қилади. Кўпинча тармоққа ўтиш - ёпилишга биринчи қадам ҳисобланади. Бунинг сабаби оддий: айни пайтда интернет-версияни замонавийлаштириш муаммоли ҳисобланади ва яқин келажакда бу борадаги вазият тубдан ўзгармайди. Ушбу ачинарли сценарий асосан «иккинчи» ва «учинчи» даражали нашрларга, яъни, ўз сегментида етакчи бўлмаган нашрларга тегишли. Етакчиларга келсак, уларнинг келажаги контентнинг сотилиши ва ҳомийлар молиялайдиган материалларнинг чоп этилиши билан боғлиқ.
Иккинчи сценарий – интернет-версияларни босма нашр моделига кўра монетизация қилиш. Бу ўринда сўз paywall – интернетда жойлаштирилган материаллардан пулли фойдаланишни жорий этиш ҳақида кетмоқда. Ушбу модель муваффақиятли бўлиб, АҚШ ва Ғарбий Европанинг бошқа давлатларида муваффақият билан жорий қилинмоқда. Шунингдек, АҚШдаги нашрларнинг аксарияти ҳозирги пайтда ушбу тизимга ўтган.
Шуни таъкидлаш керакки, paywall тизимини фақат доимий аудиторияга эга бўлган нашрларга нисбатан қўллаш мумкин. Бу ўринда, энг аввало, ишбилармонлик ва профессионал сегмент назарда тутилади. Бундан ташқари, paywall шаклланган аудиториясига эга журналлар учун ҳам амал қилиши мумкин. Бундай аудитория пулли ёндашув жорий қилинган тақдирда бепул тарқатиш моделини сақлаб қолган рақиб нашрларга ўтиб кетмайди. Бироқ, тахминимизча, paywall яқин йилларда ОАВ ривожланишининг энг оммавий сценарийсига айланмайди.
Ниҳоят, учинчи сценарий, аксарият ҳолларда, айниқса оммавий сегмент нашрларида қўлланиб, у контентнинг оммавий тарқатилишига ўтишдан иборат бўлади. Яъни, оммавий нашрлар аста-секин аудитория кўламини кенгайтириш ва тиражни ошириш учун нашрни бепул тарқатиш йўлига ўтади. Шунингдек, улар муассислик қиладиган сайтлардаги контент ҳам бепуллигини сақлаб қолади. Амалда босма ва электрон версияларни реклама материаллари билан тўлдиришга, жумладан ҳомийлик контент улушини оширишга урғу берилади. Бизда одатда ҳомийлик контенти масаласи ошкора муҳокама қилинмайди. Ҳолбуки, АҚШда унга ўтиш кейинги йилларда медиа бозорнинг асосий трендига айланди. Гап бу ерда журналистик, муайян таҳририятга оид, реклама, ташвиқотга доир бўлмаган, журналистлар томонидан тайёрланган, аммо уларнинг чоп этилишини у ёки бу манфаатдор томон молиялаштирган материаллар ҳақида кетмоқда. Шунга қарамай, ушбу материалларда журналистикага оид барча элементлар мавжуд: улар мазмунли ва реклама характерига эга эмас. Ишончимиз комилки, яқин йилларда ушбу бозор маданийлашган шаклларга ўтади. Сони ўсиб, сифати яхшиланиб боради. Нашрлар даромади таркиби айнан ана шундай материалларга боғлиқ бўлади. Мисол тариқасида бу ўринда Американинг энг «кекса» нашрларидан бири бўлмиш The Atlantic журналини келтириш мумкин. Унинг даромадлари таркибида 50 фоизга яқин қисмни айнан ҳомийлик улуши ташкил этади. Яна бир мисол – Forbes нашри. Унда ҳомийлик умумий даромаднинг тахминан 20 фоизини қамраб олади.
Бир жиҳатдан олиб қарасак, газета нашрларида бошқа интернет-лойиҳаларга нисбатан рақобат устунлиги мавжуд – уларни қўллаб-қувватловчи, шаклланиб улгурган ўз аудиторияси бор. Бу эса интернет тармоқнинг демографик ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ. Интернет-фойдаланувчиларнинг асосий оқимини бугунги кунда ёшлар ташкил этмайди, катта авлод вакиллари эса маълум газета номларига ўрганиб қолган. Эндиликда, интернет сайтларига мурожаат қилар экан, улар таниш газеталарнинг интернет-версиясини афзал кўради, уларнинг доимий аудиториясига айланади. Шу сабабли газеталар интернетда муҳим рақобатчилик устунлигига эга ва ундан фойдаланиш зарур.
Газетанинг келажаги ҳақида хулоса шуки, инсон табиатининг табиий инстинкти бўлмиш ўқиш – айнан қоғоздан ўқишга мойиллик мавжуд бўлар экан, босма нашрлар ҳеч қачон ўлмайди.
Газета – ёки маҳсулот, ёки информацион сиёсат қуролидир
Тушунилиши ва қайта идрок этилиши керак бўлган нарса шуки, газета – информацион бозорда талаб кучли маҳсулот ёки компания, корпорация, сиёсий ташкилотлар ва давлатнинг информацион тарғибот қуролидир. Айнан бу икки тоифадан қайси бири эканига қараб газета ёки журналларнинг формати белгиланади (шу ўринда аксарият ҳолларда «сариқ матбуот», дея айри тоифа санамоқчи бўлганларга «сариқ матбуот» ҳам аслида талаб бўлган маҳсулот сирасига киришини айтиб ўтмоқчимиз).
Босма нашр электрон нашрлардан фарқли ўлароқ, тарих яратилиш жараёнида муҳимроқ аҳамият касб этади. Яъники, тарих қоғозда ёзилади ва чоп этилган ёзиқни ўзгартириб бўлмайди. Электрон нашрлардаги маълумотларни эса бир зумда ўзгартириш, ўчириб ташлаш, бошқа матн билан алмаштириш имкониятининг катталиги табиий равишда инсоннинг босма нашрларга ишончини юксалтиради.
Ҳукумат қарорларию, қонунлар шу сабабдан босма нашрларда (яъни ўзгартириб, алмаштириб ёки ўчириб бўлмайдиган (!) – яъни қоғозда) эълон қилингандан сўнг кучга кириши бежиз эмас.
Газетага ўтган асрга қарагандек қарашга одатланиш, унинг аҳамиятини менсимаслик – энг камида тарих аҳамиятини менсимасликдир.
Босма нашрларга маркетинг бошқаруви зарур
Соғлом бозор муносабатлари даврида нашрларни бошқаришда эски бошқарув тизимидан воз кечиш керак. Хусусан, ҳар бир нашрда бош муҳаррир фақат ва фақат нашрнинг ижодий фаолиятига раҳбарлик қилиши шарт. Нашрнинг иқтисодий фаолияти билан боғлиқ жараёнларни: маркетинг ўтказиш, обуна ёки сотувни ташкил этиш, реклама сиёсатини бошқариш билан нашрнинг бош менежери шуғулланиши керак. Умуман олганда эса катта ёки кичик нашр бўлишидан қатъи назар, менежер ва бош муҳаррир ўртасида «сен каттами, мен катта?» муаммоси бўлмаслиги зарур.
Бугунги замон талаби шуки – қайси лавозимда қайси шаклда фаолият юритмайлик, иш жойимиз биз ризқ топадиган жой экани, шахсий эголаримизни қондирадиган восита эмаслигини англаб етишимиз керак. Агар шахсий эголаримизни умумий муштарак мақсад – ишни ривожлантиришдан устун қўйсак, бунинг бадалини кўпроқ ва оғирроқ тўлаймиз. Ишимиз хонавайрон бўлади. Ходимларнинг ризқи кесилишига сабаб бўлади. Жамият учун эса ижтимоий асорати – фақат зарардир. Яъни, соғлом бозор муносабатларида ютуққа эришишнинг энг биринчи шарти ишга муносабатни, тафаккур ва мушоҳада тарзимизни модернизация қилишдир. Йўқса, ғўддайиб юришдан бошқасига яралмайди.
Бозор муносабатларида муваффақият калитларидан яна бири – маҳсулот таннархининг имкон қадар арзонлигидир. Босма нашрларда ҳам уларнинг савдоси ўсишида нашрнинг таннархи муштарийлар учун чўнтакбоп бўлиши керак. Аммо, қоғоз нархининг бир тарафдан 2016-2018 йилларида жаҳон бозорида қарийб 55-65 фоизга (мамлакатимизда валюта либерализацияси натижасида бу нарх ички бозорда қарийб 185 фоизга) ўсиши босма медиамаҳсулотларнинг таннархи кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Устига устак, қоғоз импорти бозори бир нечтагина йирик компаниялар қўлида бўлгани сабаб бошқа импортёр компаниялар ички бозорда соғлом рақобат қила олмаяпти. Шундан келиб чиқсак, босма нашрларни қўллаб-қувватлаш йўлида ҳеч бўлмаса кейинги икки йилда қоғоз импортини давлат ўз монополиясига айлантириб туриши лозим. Яъни, ҳар бир нашр ёки босмахонага қоғозни тўғридан-тўғри давлатдан сотиб олиш имконияти яратилса, босма нашрлар ва матбаа сектори анча оёққа туриб олиши учун имкон яратилган бўлар эди.
Ҳукумат бир қарорга келиши керак
Мажбурий обунага барҳам берилиши ортидан айрим газеталарнинг аслида фақат маъмурий дастак орқали муваффақиятга эришиб келаётгани маълум бўлиб қолди. Масаланинг ахлоқий тарафи олиб қаралса, ўз фаолиятини хокисор меҳнаткашнинг мажбурий ундирилган пули эвазига «муваффақиятли» олиб бориш энг камида бориб турган адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Аммо, бу дегани – «Босма нашр умуман керак эмас!» дегани ҳам эмасдир.
Шу ерда савол туғилади: «Унда кимга керак?». Газета агар медиа бозор медиамаҳсулоти сифатида бўлса, унинг муассисига иқтисодий фойда келтириш учун (албатта қонунларга қатъий амал қилган ҳолда), йўқ, агар компания, корпорация, сиёсий ташкилотлар ёки давлат ҳокимиятига сиёсий-ижтимоий тарғибот воситаси сифатида бўлса, ўз манфаатлари ва сиёсатини тарғиб этиш учун керак. Шундай экан, муассислар нашрга кетадиган харажатларни қоплаши лозим. Истаган истеъмолчи сотиб олсин, текин тарқатилса, текинга олсин. Лекин маҳсулотни ишлаб чиқариш харажатлари асло халқ ҳисобидан амалга оширилмаслиги керак!
Бугун иқтисодий таназзул ёқасига келиб қолган туман ва вилоят ҳокимиятлари тасарруфидаги газеталар агар маҳаллий ҳокимиятларга ўқувчи саводхонлигини ошириш, ислоҳотларга жалб этиш, умуман тарғибот воситаси сифатида зарур бўлса (ваҳоланки, бу табиий эҳтиёж давлат учун), уларни молиявий дастаклаш йўлини ҳам муассислар кўриши зарур. Худди шундай компания ва корпорациялар ҳам.
Туман ва вилоят газеталари масаласида ҳукумат аниқ бир қарорга келиши керак: муассиси маҳаллий ҳокимият бўлган туман, вилоят ёки республика босма нашрлари ҳукуматга керакми ёки йўқ? Агар керак бўлса, уларнинг фаолияти учун молиявий манба топиши зарур. Хусусий нашрлар эса бозор муносабатлари шароитида ўз рақоботбардошлигини ошириш учун кенг тармоқлиликдан тор тармоқлиликка ўтишга мажбур.
Грант ажратиш тизими эскирди
ОАВни қўллаб-қувватлаш масаласида грант ажратиш амалиёти бутун жаҳонда ўзгармоқда. Ўзимиз гувоҳи бўлганимиз кўп ҳолда, ОАВни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағ биринчидан фақат ўша грант доирасида фаолиятни амалга оширишга йўналтирилади. ОАВ у маблағни иқтисодий фойда кўриш лойиҳаларига йўналтира олмайди. Тўғри, кўпгина нашрлар грант ёрдамида оёққа туриб олиб, кейин ўзини ўзи бемалол молиялаштира олади. Аммо бундай нашрлар сони жуда кўп борса умумий соннинг 10 фоизини ташкил қилади (айниқса мажбурий обунанинг йўқолиши асл ҳолатни кўрсатиб бермоқда). Иккинчидан, аксарият ҳолларда грант олингандан сўнг ишнинг сусайиши кузатилади. «Маблағ топдик, энди бир йил мазза қилиб еб, ишлаб юрамиз, у ёғи бир гап бўлар» тафаккури соҳани таназзулга олиб келмоқда. Учинчидан, грант ажратган муассаса ўз шартларини бажаришга мажбур қилади (бу қонуний ва табиий), бу эса мустақил ва холис фаолият юритиш имконини йўққа чиқаради. Масалан, қайсидир ташкилотдан грант олган ОАВ ҳеч қачон ўша ташкилот тўғрисида салбий материал эълон қилмайди (ўзбекчиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди, «тузни еб, тузлуққа тупуриш» сифатида кўрилади).
Таклифимиз шундан иборатки, грантлар орқали молиялаштириш эмас имтиёзли кредитлаш тизимига ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг учун бизга янги молиявий тузилма «МЕДИА БАНК» (ҳақиқий банк муассаси) ташкил этилиши керак. Медиа Банк ўз молиявий функцияларини бажариш, хизмат кўрсатишдан ташқари ОАВ учун йиллик имтиёзли кредитлаш билан шуғулланади. Натижада, биринчидан, ОАВ грантдан фарқли ўлароқ «пулни қайтаришим керак» масъулият тушунчаси билан ҳаракат қилади (яъни муносабат тафаккур ўзгаради), иккинчидан ОАВ медиа-бизнес лойиҳалар учун зарур бўлган молиявий манбани топади. Учинчидан, паст фоизли имтиёзли кредитлаш орқали фақатгина ОАВни эмас, ОАВ ходимларининг ижтимоий аҳволини яхшилаш имкони пайдо бўлади. Тўртинчидан, сўз эркинлигини таъминлашда муҳим омил бўлган иқтисодий қарамлилик муаммоси ҳал бўлади. Энг асосийси, давлат қилиб бериши керак деган эскича тафаккур, ОАВни молиялаштиришдаги эски тизим ўзгаради.
Асл ҳақиқат шуки, бугун Ватанимизнинг энг чекка, ҳув олис туманида ёки қишлоғида яшаётган юртдошларимизнинг ҳақ ва ҳуқуқи шаҳарда яшовчиларникидан мутлақо кам эмас. Бироқ мамлакат аҳолисининг кўпроқ қисмини ташкил этувчи олис қишлоқларда истиқомат қилаётган заҳматкаш халқимизнинг ярмида ҳар куни интернетга киришга ё имкон йўқ, ёки ҳафсала йўқ. Балким вақт ҳам йўқдир (ҳудудлардаги электр таъминоти билан боғлиқ масала алоҳида мавзу). Чунки у заҳматкашнинг қўлидаги кетмони ёхуд иш асбоби доимий ҳаракатда. У биздан фарқли ўлароқ, чин меҳнат билан банд. Шунинг баробарида ўз мамлакатига эътиқоди юксак. Уни эса ўз қишлоғида дунёдан хабар оладиган ягона восита – газета ўқиш имконидан маҳрум этишга ҳеч кимнинг маънавий ҳаққи йўқ!
Саид-Абдулазиз ЮСУПОВ
Сангтарош Уста.
Мавзуга оид
18:52 / 20.11.2023
Боғдод тумани ҳокими ўринбосари обуна режасини бажармаган коллеж директорини калтаклади
08:28 / 04.11.2023
Суд тизими ходимлари мажбурий обунага тортилмоқда
22:42 / 01.12.2022
«Ихтиёрий» деган тўн кийдирилаётган мажбурий обуна
18:22 / 24.08.2022