08:04 / 28.11.2018
9299

Россия ва Қозоғистоннинг 8 фуқароси АҚШда йирик фирибгарликда айбланмоқда

Фото: REUTERS

Россия ва Қозоғистоннинг 8 фуқароси АҚШда 36 млн долларлик интернет-фирибгарликни амалга оширишда айбланмоқда. Бу ҳақда Нью-Йорк прокуратураси баёнотида маълум қилинган. 

Ушбу иш бўйича россиялик Александр Жуков, Борис Тимохин, Михаил Андреев, Денис Авдеев, Дмитрий Новиков, Александр Исаев ва қозоғистонлик Сергей Овсянников ҳамда Евгений Тимченко ўтмоқда. Овсянников, Жуков ва Тимченко мос равишда Малайзия, Болгария ва Эстонияда қўлга олинган ва АҚШга экстрадиция қилинишларини кутмоқдалар. Қолганлар эса озодликда қолмоқда.

Айблов хулосасида таъкидланишича, 2014 йил сентябрдан 2016 йил декабргача даврда Жуков, Тимохин, Андреев, Авдеев ва Новиков реклама тармоғини (Реклама тармоғи № 1) бошқариб, Овсянников кўмагида реклама билан рақамли фирибгарлик схемасини амалга оширишган.

Таъкидланишича, бу схема натижасида рекламанинг миллиардлаб марта намойиш қилиниши қалбакилаштирилиб, бу учун компаниялардан 7 млн доллардан кўпроқ пул олинган. Аслида эса ушбу рекламани реал фойдаланувчилар ҳеч қачон кўришмаган.   

“Реклама тармоғи №2” деб номланган иккинчи схема 2015 йил декабридан 2018 йил октябригача амал қилган. Уни Овсянников, Тимченко ва Исаев бошқарган ва юқоридаги каби усул билан 29 млн доллардан кўпроқ даромад олишган.

Top