Вазирлар, ўринбосарлар ва ҳокимлар Чирчиқда. Бошқарув органлари раҳбарлари полигонда ҳарбий йиғин ўташди
Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида 25 ноябрдан 28 ноябрга қадар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида йиғин ўтказилди. Бу ҳақида Kun.uzʼга Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йили Самарқандда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар катта-кичик раҳбарларининг мудофаа соҳасидаги иштирокига танқидий баҳо берганди.
Муаммога ечим сифатида 2017 йил 12 декабрда Президентнинг ҳарбий-маъмурий секторлар хусусида фармони имзоланди.
Бўлиб ўтган мазкур йиғин шу маънода ҳам муҳим ва долзарб ҳисобланади.
Президент фармойишига кўра, жорий йилдан бошлаб Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларининг йиллик йиғилиши ўтказилиши белгиланди.
Фармойишда таъкидланишича, Қуролли Кучлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, мамлакат мудофаа соҳасида давлат сиёсатини шакллантиришда фуқаролик ва нодавлат нотижорат институтлар, бошқа ташкилотларни кенг жалб қилишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.
Ўтказилган йиғинда вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва бошқа даражадаги раҳбарларга Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 4 августида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан, Мудофаа доктринасидан, минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиқадиган вазифалар бўйича маърузалар ўқилди.
Шунингдек, малакали ҳарбий мутахассислар мамлакат мудофаа салоҳиятини оширишда зарур бўлган кўплаб йўналишлар бўйича чиқишлар қилди. Амалий ҳарбий машғулотлар, миллий армиямиз қурол-аслаҳаси, ҳарбий техника намойишида иштирок этди. Хуллас, раҳбар ходимлар полигонда, ҳарбий ҳаёт ичида тўрт кун яшаб, назарий ва амалий машғулотларни кузатди, турли қурол намуналаридан амалда ўқ отишди.
28 ноябрь куни эрталаб Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов йиғин ёпилишига бағишланган тадбирда иштирокчиларга тантанали равишда сертификатлар топширди.
Мавзуга оид
14:30 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасида космик суратларга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда
21:12 / 12.12.2024
МДҲ давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизимини яратади
07:51 / 12.12.2024
АҚШда конгрессменлар 2025 йил учун мудофаа бюджетини тасдиқлади
15:22 / 05.12.2024