Яқинда Scopus илмий-таҳлилий маълумотлар базаси версиясига кўра, Ўзбекистон олимларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, унда юртимизнинг энг яхши олимлари тақдирланди. Бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги таълим хабига айланиши сари қўйилган навбатдаги қадам бўлди.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон олимлари ва олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда муносиб ўринга эга бўлиши ҳамда нуфузли совринларни қўлга киритиши учун қайси йўналишларда иш олиб бориш кераклигига қизиқиш билдириб,  Quacquarelli Symonds (QS) агентлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Зоя Зайцева ҳамда Elsevier Central Asia минтақавий директори Алия Оспанова билан суҳбатлашди.

QS агентлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Зоя Зайцева уч асосий йўналишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

  1. Нуфузни ошириш устида иш олиб бориш. Амалий тилга ўгирадиган бўлсак, бу танилиш устида ишлашни англатади. Бу университетлар номидан бошланади. Кўп институтлар қайта номланиш жараёнини бошдан кечиради, баъзилари халқ орасида - бошқача, расман – бошқача номланса, Scopus'да эса яна бошқа бир ном билан рўйхатдан ўтказилади. Агар университет илмий жамоаси олийгоҳ номини тўғри қўллашда изчилликка риоя қилмаса, овозлар йўқолади. Демак, энг аввало университет номланишини тўғри ёзишга эътиборли бўлиш керак.
  2. Халқаро тадбирларда иштирок этиш. Ўзбекистон илм-фаннинг турли соҳаларида ажойиб ютуқларга эришган бўлишига қарамай, бу ҳақида дунё аҳли яхши билмайди. Ўзбекистон олимларининг халқаро тадбирларда нафақат тингловчи, балки иштирокчи сифатида қатнашиши –муваффақиятли фаолият учун зарур бўлган қадамлардан бири.
  3. Университетлар битирувчилари билан ўзаро муносабатлар. Қатор университетлар, аниқроғи, профессорлар ўзларининг муайян ютуқларга эришган битирувчиларини яхши билишади. Бироқ қолганлар улар ҳақида билмайди. Бизнинг рейтинглар натижалари тақдим этилувчи topuniversities.com сайтимиз бор, ўтган йили 56 миллион киши унга кириб, маълумот излаган, бу жуда ажойиб трафик. У ерга маълумотларни бепул жойлаштирамиз. Университетлар у ерда ўз профилини яратиши мумкин. Бунинг учун улардан фақат сўров йўллаш талаб этилади. Биз логин, пароль, кўрсатмалар берамиз ва олға! Қолганини университетларнинг ўзи бажаради. Агар университетда етакчи битирувчилар (энг яхшиси, халқаро ўқувчилар аудиториясига қизиқ бўлиши учун хорижлик битирувчилар) бўлса, биз улар билан интервью ўтказиб, дейлик, кореялик талабанинг Ўзбекистонга тиббиётни ўрганишга келиб, айни дамда ё ўз ватанида, ёки яна бошқа бир давлатда ишлаётгани ҳақидаги маълумотни жойлаштирамиз, чунки айнан шундай ҳикоялар ёшларда кўпроқ қизиқиш уйғотади.