Kun.uz таҳририяти Жиззах вилояти Зарбдор тумани аҳолисини қийнаб келаётган муаммолардан бирига эътибор қаратди. Шикоятга кўра, тумандаги «Зарбдор деҳқон бозори»да аҳоли учун мутлақо шароитлар яратилмаган.
Зарбдор туман марказидаги Жиззах–Қўқон катта йўли ёқасидаги бозорга кириб борар эканмиз, илк қадамларданоқ шикоятдаги важлар ўз тасдиғини топа бошлади.
Деҳқон бозори дарвозасидан ичкарига қадам қўяр экансиз, ҳовлига тартибсиз тўкиб ташланган чиқиндиларга кўзингиз тушади. Атрофдаги дайди итлар одамни чўчитади. Ҳадик билан айланиб ўтсангиз ҳам, улар сизни гўшт расталари оралаб кутиб олишади. Дарвоқе, гўшт маҳсулотлари ҳам санитария қоидаларига мутлақо зид тарзда очиқ осмон остидаги расталарда сотилмоқда. Озиқ-овқатлар савдоси ҳақида бироз кейинроқ ҳикоя қилиб берамиз.
Буюм бозори. Нимқоронғу, бир-бирига зич тарзда жойлаштирилган расталар оралаб юриш қийин, чунки қоронғу ва тор йўлаклар ҳам чиқиндига тўла.

«Нега суратга оляпсиз, тинчликми?», - ҳушёр сотувчининг саволига жавоб бергунимизча, бошқа тадбиркорлар суҳбатга қўшилди.
«Келиб яхши иш қилибсиз. Мен қассобман. Бозорда умуман шароит йўқ. Ёмғир ёққанда келсангиз, резина этиксиз киролмайсиз бозорга. Ҳужжатимиз бор, савдо йўқ. Чунки, кўчадаги ҳеч қандай ҳужжати йўқ қассобларнинг текширилмаган арзон гўштини одамлар бозорга кирмаёқ олиб кетишади. Бозорда шароит бўлмагандан кейин ким ҳам кирарди! Аммо биз ушбу шароити йўқ расталар учун бозор маъмуриятига пул тўламоқдамиз», дейди сотувчилардан бири.
Ҳақиқатан ҳам, катта кўчага чиққунча бетартиб чўзилиб кетган расталарда ҳамма нарсани топиш мумкин: олма, анор, супурги, гўшт, мих, самовар, эҳтиёт қисмлар, корейсча салатлару нон ҳам. Хуллас, очиқ майдонда кимнинг нимаси бўлса сотиши, кимга нима керак бўлса олиши мумкин. Суҳбатдошларимиз эса бири олиб, бири қўйиб шароит йўқлигини гапиришади.

«Бу ҳақда бир неча бор бозор маъмуриятига мурожаат қилганмиз. Фойдаси йўқ. Пахта теримидан кейин гаплашамиз, деган мужмал жавобни беришган. Ҳар йили шу жавоб», дейди сотувчилардан бири.
«Ветврач ҳам, СЭС (ДСЭНМ) ҳам ишламайди, бозор ҳудудига яқин йўламайди. Биз атрофимизни тозалаймиз, холос. Тўловларга келганда ҳеч кимнинг эсидан чиқмаймиз, лекин шароит йўқлигига биров куймайди. Вазият айниқса якшанба кунлари бутунлай издан чиқиб кетади», дейди у.

























