Жамият | 21:30 / 01.12.2018
11100
2 дақиқада ўқилади

Масжидларда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши тарғибот ишлари ташкил этилмоқда

Азалдан шарқда аёлларга юксак даражадаги ҳурмат ва эъзоз кўрсатиб келинган. Бироқ дунёнинг барча минтақаларида ҳам аёллар ардоқда эмас.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган йилда дунё бўйича 87 мингга яқин хотин-қиз ўлдирилган. Улардан 50 минг нафари уйдаги зўравонлик қурбони бўлган.

Бошқарма ижрочи директори Юрий Федотовнинг айтишича, аёллар гендер нотенглиги, таҳқирлаш ва салбий стереотиплардан энг кўп азият чекмоқда.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, дунёда уй зўравонлиги ҳолатлари сони ошган. Хусусан, 2017 йилда ўз яқинлари ёки қариндошлари зўравонлиги оқибатида ҳаётдан кўз юмган аёллар сони умумий қурбонларнинг 58 фоизини ташкил этди. Бу 2012 йилга нисбатан 11 фоизга кўпдир. Бу борадаги энг хавфли ҳудуд Африка ҳисобланади. Бу ерда ҳар 100 минг хотин-қизга қотиллик коэффициенти 3,1 нафарни ташкил этмоқда.

Бу кўрсаткичлар Жанубий ва Шимолий Америкада 1,6, Океания 1,3, Осиё 0,9, Европа 0,7 нафарга тенгдир.

Мамлакатимизда ҳам аёл-қизларга нисбатан зўравонлик муаммоси билан мунтазам курашиб келинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан эълон қилинган «16 кунлик» доирасида юртимиздаги барча масжидларда тарғибот ишларини ташкил этди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Минор жоме масжидида ушбу мавзу юзасидан жума мавъизаси бўлиб ўтди. 

Мавзуга оид