Марказий банк монетар сиёсатнинг келгуси уч йилга мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқди
Марказий банк расмий сайтида 2019–2021 йилларга мўлжалланган монетар сиёсатнинг асосий йўналишлари жойлаштирилди. Унда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, 2018 йилда пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва йил якуни бўйича кутилаётган натижалар, 2019–2021 йилларда макроиқтисодий ривожланиш сценарийлари ва пул-кредит шароитлари, пул-кредит сиёсати инструментларини ривожлантириш ва уларни қўллаш шароитлари баён этилган.
Ҳужжатда ёзилишича, ўрта муддатли истиқболда пул-кредит соҳасида қарорлар қабул қилишда Марказий банк жорий иқтисодий шарт-шароитлар таҳлили ва макроиқтисодий прогнозларга асосланади.
2019 йилдан бошлаб Марказий банк фаолиятига макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлашнинг замонавий тизими (FPAS) жорий этила бошлайди. Прогнозларни шакллантиришда макроиқтисодий ривожланишнинг ташқи ва ички омиллари, мамлакатимизда келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган чоралар инобатга олинади.
Шунингдек, Марказий банк томонидан кўриладиган чораларда юзага келган қўшимча ликвидлиликни тартибга солиш ва унинг таъсирини мувозанатлаштириш масалалари ҳам ўз аксини топади.
Айтилишича, келгуси йилдан бошлаб давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш мақсадида "бюджет қоидалари" ва "йиғма бюджет" ҳамда фискал чекловларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Баён этилишича, ўрта муддатли истиқболда давлат корхоналари ислоҳотларини асосий тармоқ корхоналари, жумладан, энергетика, нефть-газ саноати, кимё саноати, ҳаво йўллари, темир йўллари, донни қайта ишлаш ва пахта саноати каби соҳаларда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу ислоҳотлар доирасида корпоратив бошқарувнинг замонавий тизимини татбиқ этиш, назорат функцияларини ихтисослашган давлат идораларига ўтказиш, шунингдек, рақобатни чекловчи тартибга солувчи қоидаларни бекор қилиш каби чоралар амалга оширилади.
Келгусида ички валюта бозоридаги турли хил спекулятив омилларнинг миллий валюта алмашув курси динамикасига таъсирини камайтириш мақсадида Марказий банк иқтисодиётда долларлашув ҳажмини камайтириш ва сўм алмашув курсининг эркин бозор шароитида талаб ва таклиф доирасида шаклланишини сақлаб қолиш бўйича зарурий чора-тадбирлар кўришни давом эттириб, миллий валютадаги активларнинг жозибадорлигини сақлаб қолиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, ўрта муддатли истиқболда ички нархлар ва алмашув курси орасидаги боғлиқликни пасайтириш бўйича ҳукуматга таклифлар киритиб борилади.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024