Жаҳон | 21:43 / 04.12.2018
8842
2 дақиқада ўқилади

Францияда оммавий норозиликлардан кейин ёнилғига солиқ оширилиши ярим йилга музлатилди

Фото: PlainNews

Францияда автомобил ёнилғиси оширилишига қарши 3 ҳафтадан бери тинмаётган оммавий норозиликлардан кейин ёнилғи учун солиқлар оширилишига ярим йиллик мораторий киритилди.

Франция бош вазири Эдуар Филиппнинг телемурожаатда маълум қилишича, қишки мавсум якунлангунгача газ ва электр энергия нархи ҳам кўтарилмайди.

«Ҳеч қандай солиқлар миллат бирдамлиги хавф остида қолганини оқлай олмайди», – деб айтган Филипп ва французларнинг норозиликларини эшитмаслик учун «кар бўлиш керак», деб қўшимча қилган. Унинг таъкидлашича, давлат тинчлик ва жамоат тартиби сақланиши учун кафил ҳисобланади.  

Бош вазир шу билан бирга намойишчиларни зўравонлик қўлламасликка чақирган.

Францияда экологик ислоҳотлар доирасида 2019 йил 1 январдан бензин ва дизел ёнилғисига солиқлар оширилиши режалаштирилганди. Шу сабаб ноябрь ўрталаридан Францияда ёнилғи нархи оширилишига қарши норозилик намойишлари тинмаяпти. Ушбу намойишлар “сариқ жилетлар” деб ном олди.

Ўтган дам олиш кунлари намойишлар вақтида Франция рамзларидан бири ҳисобланган Триумфал аркага жиддий талофатлар етказилди. Бир гуруҳ вандаллар арканинг музей хоналарига кириб, у ерни остин-устин қилган. 

Охирги ўн йиллар ичидаги энг йирик тартибсизликлар давомида таловчилик, автомобиллар ва витриналарга ўт қўйиш ҳолатлари қайд қилинган. Кўплаб савдогарлар сайёҳлар сони камайиб кетгани сабабли зиён кўраётганларидан арз қилмоқдалар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид