Ўзбекистон | 11:04 / 06.12.2018
5420
3 дақиқада ўқилади

Олмазор туманида замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри Олмазор туманида замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, «Ўзэлтехсаноат» АК ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан, «NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК билан биргаликда, умумий лойиҳавий қиймати 4,8 млн. долларга тенг инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Шу жумладан:

- «Энергия тежовчи LED-лампалар, ёритқичлар, розеткалар ва ўчиргичлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш», лойиҳавий қиймати 1,0 млн.доллар;
- «Аккумулятор (стартерлар учун қўрғошин-кислотали) батареялари ишлаб чиқаришни ташкил этиш», лойиҳавий қиймати 3,8 млн.доллар, шундан 1.7 млн.доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзэлтехсаноат» АКнинг Тошкент шаҳри, Янги Олмазор кўчаси, 51-уй манзилида жойлашган, бўш турган икки қаватли ошхона биносини «NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” қийматида сотиб олиши тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича, «NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:

2018-2020 йиллар мобайнида камида 24,92 млрд.сўмлик инвестициялар киритиш ва камида 200 та янги иш ўринлари ташкил этиш;

замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу жумладан, 2019 йил декабридан ишга тушириладиган энергия тежовчи LED-лампалар, ёритқичлар, розеткалар ва ўчиргичлар, ҳамда 2020 йил декабрида ишга тушириладиган аккумулятор (стартерлар учун қўрғошин-кислотали) батареялари ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзэлтехсаноат» АК билан биргаликда:

лойиҳа ташаббускори билан объектни ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” қийматида сотиб олиши бўйича олди-сотди шартномасини тузиш;

«NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК томонидан унинг ўз зиммасига олган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни лозим даражада бажариши устидан назоратни таъминлаш;

«NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК га объектни ўз муддатида ўрнатилган тартибда топширишни таъминлаш топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Микропроцессорли ва контактсиз карталар ҳамда уларга хизмат кўрсатадиган ускуналар ишлаб чиқишни ташкил этиш тўғрисида”ги 2017 йил 13 февралдаги 72-сонли қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид