01:18 / 09.12.2018
7761

Тошкентлик болалар Таиланддаги робототехника танловидан олтин медаллар билан қайтишди

Фото: tashkentnews.uz

30 ноябрь куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида International Young Robot Competition 2018 (IYRC) – Халқаро робототехника танлови ўтказилди.

Унда 34 мамлакатдан минглаб болалар, Ўзбекистондан эса кўриш қобилияти чекланган 6 ёшли Имрон Абдумуратов билан сўзлашда қийналадиган 5 ёшли Имона Убайдуллаева, 4 синф ўқувчиси Эзоза Абдуразманова, 7 синф ўқувчилари - программист Ситора Исламова ва Бобур Холматов иштирок этишди.

Ўзбекистонлик болалар «Саломатлик» номинацияси бўйича олтин медалларни қўлга киритишди. Улар томонидан яратилган экзоскелет модели таянч-ҳаракатланиш аппаратидаги муаммодан азият чекадиган, имконияти чекланган инсонларга ҳақиқий ёрдам бера олади.

Бу ўзбекистонлик болаларнинг илк ютуғи эмас. Шу йилнинг август ойида ёш тошкентликлар, 12 ёшли Ситора Исламова ва 6 ёшли Артём Долгановский Пекин шаҳридаги Бутунжаҳон робототехника анжуманида иштирок этиб, эътирофга сазовор бўлишган эди. 

Анжуман доирасида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари тарбияланувчилари орасида робототехника лойиҳалари танлови ўтказилди. Унда 20 мамлакатдан келган 350 нафар бола иштирок этишди. Тошкентликлар «Шаҳар» номинациясининг «Ижод» йўналиши бўйича олтин медаль ва «Олтин мукофот» кубогини қўлга киритишди.

Навбатдаги International Young Robot Competition 2019 танлови Жанубий Кореяда ўтказилади. Унда ҳамюртларимиз ҳам иштирок этади. Бунгача болалар 2019 йил май ойида Нижний Новгородда ўтказиладиган, «ДЕТалька» - робототехника ва нейротехнология халқаро мусобақасида ўз кучини синаб кўришади.

Top