Хоразм вилояти Янгиариқ тумани, Гулобод қишлоғининг Собурзон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар 16-сон умумтаълим ўрта мактабида фарзандларининг таълим олиши учун шароитлар оғир экани ҳақида Kun.uz таҳририятига шикоят қилишди.
Мурожаатда мактаб «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида жорий таъмирлашга тушганидан ота-оналар қувонгани, аммо таъмирлаш ишлари тугатилмай қолгани, ҳеч бир иш тўлиқ сифатли якунланмагани, кучли ёғингарчилик натижасида томдан чакка ўтгани, болалар ҳозир ҳам совуқ хоналарда ўқишаётгани, мактаб атрофи ковлаб ташлангани, натижада, кириб-чиқиш ноқулай бўлиб қолгани ёзилганди.
Янгиариқ тумани, Гулобод қишлоғининг Собурзон маҳалласига бориб, 16-сон умумтаълим ўрта мактабидаги вазият билан танишдик. Таълим даргоҳи раҳбари Нураддин Абдуллаев билан учрашдик.
Бу мактабда 500 нафарга яқин бола 21та синфда таълим олади. 31 йил олдин барпо қилинган таълим даргоҳида, «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида, июнь ойида жорий таъмирлаш ишлари бошланган эди.
Мактабни таъмирлаш ишлари «Элит Кредит» хусусий корхонасига топширилган ва бу жараён учун давлат бюджетидан 1,5 миллиард сўм ажратилган.
Таъмирлаш ишлари 24 август куни тугатилиши шарт эди, аммо декабрь ойи келган бўлса-да, унинг ниҳояси кўринмаяпти. Тугатилган жойлари ҳам қўл учида қилингани кўриниб турибди.
Куз фаслидаги дастлабки жиддий ёғингарчилик натижасида таъмирлаш ишларининг сифатсиз олиб борилгани, талабга умуман жавоб бермаслиги маълум бўлиб қолган.
16-сон умумтаълим ўрта мактаби директори Нураддин Абдуллаев вазиятга шундай изоҳ берди.
«Август ойида тугалланиши лозим бўлган ишлар ҳалигача пайсалга солинмоқда. Мактаб ўқув йилига тайёр эмас. Ноябрь ойининг охирида кучли ёғингарчилик бўлди. Натижада томдан чакка ўтиб, иккинчи қаватдаги синф хоналарига, мактабнинг ташқи фасадига жиддий зарар етди. Бу борада мутасадди ташкилотларга, хусусан, таъмирлаш ишларини ўтказган «Элит Кредит» корхонасига бир неча марта мурожаат қилганман, аммо аҳвол ўзгаргани йўқ. Ота-оналарнинг шикоятини тушуниб турибман, ҳамма ўз фарзандини хавфсиз, шароити яхши бўлган мактабда ўқитишни истайди», - деди Абдуллаев.
Мактабни айланиб, таъмирлаш ишлари қандай ўтказилгани билан танишдик.

Том сифатсиз таъмирланиши натижасида, кучли ёғингарчиликдан кейинги аҳвол. Ҳамма жойдан чакка ўтиб, девор сувоқларига зарар етган.






















