Ослода тинчлик учун Нобель мукофоти совриндорлари тақдирланди
Норвегия пойтахти Ослода тинчлик учун Нобель мукофоти топширилиши маросими бўлиб ўтди. 2018 йилда ушбу мукофотга конголик гинеколог Денис Муквеге ва ироқлик Надя Мурод лойиқ деб топилдилар. Уларга дипломлар ва медаллар топширилди. Тақдирлаш маросими Ослодаги шаҳар ратушасида бўлиб ўтди.
Жорий йилда тинчлик учун Нобель мукофоти жинсий зўравонликни уруш ва қуролли ихтилофларда қурол сифатида қўлланишини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар учун топширилди. Ушбу мукофот совриндорлари номи октябрда эълон қилинганди.
«Уларнинг умумий кураши учта оддий баёнотдан иборат. Номусга тегиш ва жинсий зўравонликнинг бошқа шакллари ҳар қандай урушда ножоиз қурол ҳисобланади. Уруш ёки ихтилофда ҳарбий стратегиянинг бир қисми сифатида зўравонликнинг тизимли равишда қўлланиши ҳарбий жиноят ҳисобланади», деб айтган Норвегия Нобель қўмитаси раиси Берит Рейсс-Андерсен.
Рейсс-Андерсеннинг таъкидлашича, бу жиноятлар учун жавобгарлар жазога тортилиши лозим. Раиснинг айтишича, икки совриндор айнан шу қарашларни илгари суришади.
Денис Муквеге – конголик гинеколог бўлиб, зўравонликлар қурбонлари бўлган аёлларга кўмаклашувчи госпиталга асос солган. 63 ёшли шифокор гинекологик жароҳатларни даволаш соҳасида энг йирик замонавий мутахассис сифатида тан олинган. Маълум қилинишича, у ҳарбий ихтилофлар вақтида минглаб аёлларга ёрдам кўрсатган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мукофоти совриндори ва Сахаров номидаги мукофот соҳиби ҳисобланади.
Надя Мурод – 25 ёшли ироқлик ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг эзгу ният вакили ҳисобланади. Сахаров номидаги мукофот соҳибаси. Time журнали томонидан 2016 йилда энг кучли таъсирга эга 100 аёл рўйхатига киритилган.
Мавзуга оид
17:41 / 06.10.2022
Шорт-листдаги фаворит: Зеленский Нобел мукофотини оладими?
12:54 / 05.10.2021
Нобель ҳафталиги: Тиббиёт бўйича 2021 йилги совриндорлар эълон қилинди
20:12 / 23.09.2021
2021 йилда Нобель совриндорлари мукофотни ўз давлатларида олади
19:20 / 31.01.2021