Жамият | 20:30 / 12.12.2018
4695
4 дақиқада ўқилади

Афсунлар ёрдам бермади – йилнинг энг даромадли ёзувчиси энди Жоан Роулинг эмас

Forbes журнали анъанавий равишда йил охирига яқин иқтисодий кўрсаткичлар бўйича рейтинг натижаларини, етакчилик рўйхатларини эълон қилишда давом этмоқда.

Forbes ёзувчилар даромадларини 2017 йилнинг 1 июнидан ҳисоблаган. 2018 йилнинг энг сердаромад китоб муаллифлари рўйхатида биринчиликни кўпдан буён бой бермай келаётган ёзувчи Жоан Роулинг ўрнини бу йил ёзда тақдим қилинган «Президент қидирилмоқда» (The President Is Missing) сиёсий триллери муаллифи Жеймс Паттерсонга бўшатиб берди.

1993 йилда АҚШ адабий майдонига «Ўргимчак ҳам келди» (Along Came a Spider) китоби билан кириб келган Паттерсон бу йил 86 миллион доллар даромад топган. Унинг ушбу илк машҳур асари детектив Алекс Кросс ҳақида бўлиб, туркум асарларни америкалик китобхонлар 10 йилдан буён катта қизиқиш билан мутолаа қилиб келишади. Ёзувчи катта эҳтимол билан кейинги йилги энг сердаромад муаллифлар рўйхатида ҳам пешқадамлик қилиши кутилмоқда. Паттерсон ва Билл Клинтон ҳамкорлигида ёзилган «Президент қидирилмоқда» сиёсий триллери шу йилнинг июн ойидан бугунга қадар 660 мингдан ортиқ нусхада сотилган.

Жеймс Паттерсон. Фото: Flavorwire

Кўзойнакли сеҳргар болакай Гарри Поттер ва сеҳргарлик олами ҳақида машҳур китоблар муаллифи Жоан Роулинг эса бу йилги рўйхатда иккинчи поғонага тушиб қолган. Роулинг 2018 йилда 54 миллион доллар (ўтган йилгидан 41 миллион доллар кам) даромад қилган. Роулинг бу йил Поттер ҳақида янги китоб чиқармади, унинг даромади Бродвей ва Вест-Эндда саҳналаштирилган «Гарри Поттер ва лаънатланган болалар» спектакли, кассабоп «Фантастик махлуқлар» ва «Фантастик махлуқлар: Гриндевальднинг жинояти» фильмлари прокати ҳисобидан топилган.

Жоан Роулинг (марказда) «Фантастик махлуқлар» фильми актёрлари билан. Фото: n-tv.de

Етакчилар учлигини даҳшатлар қироли Стивен Кинг нисбатан камтарона 27 миллион доллар билан якунлаб берган. Кинг томонидан масхарабоз Пеннивайз ҳақида ёзилган «У» асари (It) 2017 йилда қайта кино қилиб ишланди. Кинонинг шов-шувли муваффақияти – «У»нинг энг кассабоп қўрқинчли фильм бўлиши китобга бўлган талаб ва табиийки, муаллифнинг даромадларини ҳам кескин ошириб юборди.

Стивен Кинг. Фото: gettyimages

Энг кўп даромад топган ёзувчилар рўйхатига бу йил янги ном – журналист Майкл Волф ҳам қўшилди. Волф Трамп администрацияси тўғрисидаги «Олов ва ғазаб»: Трампнинг Оқ уйи ичида» (Fire and Fury: Inside the Trump White House) китобини чиқарди.

Майкл Волф. Фото: gettyimages

Рейтингдан Жон Гришэм, Жэфф Кинни, Ден Браун, Даниэла Стил, Нора Робертс, Рик Риордан ва Эрика Леонард Жеймс ҳам ўрин олган. Рейтингга киритилган 11 ёзувчининг АҚШ бозорида жами 24 миллион нусхада китоби сотилган ва улар жами 283 миллион доллар даромад кўрган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид