Европа Чемпионлар лигасининг охирги кунидаги энг интригали учрашув Киевда бўлиб ўтди.

F гуруҳи
Шахтёр (Украина) – Лион (Франция) 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 22 Мораес, 1:1 – 65 Фекир.
Шахтёр – Пятов, Матвиенко, Кривцов, Хочолава (Бутко, 46), Исмаили, Майкон, Степаненко, Марлос (Болбат, 87), Коваленко (Кайоде, 83), Тайсон, Мораес.
Лион – Антони Лопеш, Денайер, Марсело, Марсал, Тете, Тузар, Ауар, Менди, Фекир (Дюбуа, 89), Траоре (Ндомбеле, 72), Депай (Дембеле, 80).
Огоҳлантиришлар: Марсал (8), Фекир (68), Болбат (87).

Бунгача плей-офф учун 16 йўлланманинг 15тасининг эгаси аниқ бўлган, охирги чипта учун «Шахтёр» ва «Лион» ўртасида баҳс кечиши керак эди. 

«Кончилар» 5 турдан кейин «тўқувчилар»дан 2 очко ортда эди ва уларни бу ўйинда фақат ғалаба қаноатлантирарди. Французларда эса биринчи ўринга ҳам имконият сақланиб қолган, бунинг учун улар ўз ўйинларида ғалаба қозониб, «Манчестер Сити» «Ҳоффенҳайм»дан мағлуб бўлишига умид қилиши керак эди. Бу ҳолатда инглизлар иккинчи ўрин билан кифояланиб, немислар жамоаси учинчи ўринга чиқиб, Европа Лигасига йўл оларди.

Франциядаги биринчи ўйинда Пауло Фонсека ва Брюно Женезио қўли остидаги жамоалар бўш трибуналар билан ўйин ўтказишган - французлар жамоаси тартибсиз мухлислар туфайли шундай жазоланишганди.

Жавоб учрашуви эса Харковда эмас, Киевда ўтди. УЕФА донецкликларга ҳарбий ҳолат амалда бўлган ҳудудда ўйин ўтказишга рухсат бермади. Ўзининг ашаддий рақиби бўлмиш «Динамо»нинг уй стадиони - «Олимпийский»да ўйнаган мезбонлар ниятларига эриша олишмади.

Майдонни ўйинга тайёрлаш учун катта куч сарфланди. Ўйин шитоб билан ёғаётган қор остида ўтди. Футболчилар қизил рангли тўпдан фойдаланишди, майдонга қизил чизиқлар чизилди. Барибир ўйин кечикиб бошланди, бунга трибунада «Шахтёр» шаънига ёмон гаплар айтилган баннер кўтарилгани сабаб бўлди. УЕФА бу вазият бўйича тегишли чоралар кўриши тайин.

Турнир жадвалидаги ҳолат дастлаб Манчестерда урилган гол туфайли ўзгарди. Андрей Крамарич 15-дақиқадаёқ пенальтидан гол уриб ҳисобни очди. Бу дақиқаларда кетма-кет ҳужум уюштирган «Лион» турнир жадвали етакчисига айланиб олиши мумкин эди, аммо Андрей Пятов Бертран Траоре билан яккама-якка вазиятда жамоасини қутқарди.