09:29 / 27.05.2024
2240

Лион метросида одамларга пичоқ билан ҳужум қилган шахс ушланди

Лион метросида одамларга пичоқ билан ҳужум уюштирганликда гумон қилинган шахс полиция томонидан қўлга олинди. У камида уч кишини жароҳатлаган.

Фото: AP

Франция полицияси Лион метросида одамларга ҳужум уюштирганликда гумонланувчини қўлга олди. Бу ҳақда 26 май, якшанба куни шаҳар мэри ўринбосари Муҳаммад Шихи ижтимоий тармоқдаги аккаунтида ёзди.

Франциянинг BFM телеканалига кўра, ҳодиса оқибатида тўрт киши жароҳат олган бўлиши мумкин. AFP агентлиги, ўз навбатида, маҳаллий полициядаги манбага таяниб, уч киши жароҳатланганини, бироқ уларнинг ҳеч бирида ҳаёт учун хавф туғдирадиган жароҳатлар йўқлигини маълум қилди. Икки кишининг қорнига зарба берилган, учаласининг ҳам қўлларида жароҳат бор, деб ёзади AFP.

Маҳаллий Le Progres газетасининг ёзишича, ҳужум 26 май куни эрталаб Лион метросида содир бўлган. CR ахборот порталига кўра, гумонланувчи Марокаш фуқароси. ActuLyon сайти полициядаги манбага таяниб хабар беришича, гумонланувчи 27 ёшда бўлиб, авваллари майда жиноятлар содир этган. Ҳужумда гумон қилинаётган шахс ҳеч қандай диний ёки сиёсий баёнотлар бермаган, деди исмини ошкор этмаган манба. Le Progres таъкидлашича, эркак ўтмишда руҳий касалликлар туфайли касалхонага ётқизилган. 

Top