Жамият | 21:26 / 14.12.2018
37376
7 дақиқада ўқилади

Вақф маъноси ва турлари

Вақф – Ислом шариатига Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан собит бўлиб кирган мустаҳаб амал.

Вақф сўзи луғатда «тутиб туриш», «тўхтатиш» маъноларида келади. Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади.

Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи томонидан белгиланган манзилга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағалларга) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади, ҳатто ўлимидан кейин ҳам етиб туради. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Вақф – садақа эмас, садақа бир нарсани инфоқ қилиш билан содир бўлади. Вақф – ўша нарсани айнини ушлаб турган ҳолда, фойдасини энг гўзал суратда сарфлаб боришдир. Бунинг савоби вақф қилувчининг ўлимидан кейин ҳам унга етиб туради.

Вақф — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулкдир. У ўз ичига кўчмас мулк (бино ва иншоотлар, экин майдонлари) ва кўчар мулкни (асбоб-ускуналар, станоклар, қурол-яроғлар) олади. Улардан фойдаланганда, мулкнинг асли йўқолмайди, аммо фойдаси сарфланади.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Вақфнинг турлари – масжидлар, мадрасалар, шифохоналар, меҳмонхоналар, зовия - зикрхоналар, такялар каби муҳтожларга аталган муассасалар, камбағаллиги туфайли тураржой қура олмайдиган, уй сотиб ёки ижарага ололмайдиган оила ва шахсларга аталган тураржойлар, йўловчи ва муҳтожларга сув тарқатишга мўлжалланган қудуқлар, кишиларга турли таомларни тарқатадиган хайрия ошхоналари, йўл ва кўприклар, уларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган корхоналар, ташландиқ ва етим болаларга аталган, уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш, хатна қилдириш билан боғлиқ муассасалар, кўзи ожиз, шол ва ожиз кишиларга аталган, уларнинг ҳузур-ҳаловат ила яшашлари учун барча керакли нарсаларни ҳозир қилувчи муассасалар, қамоқдагиларга ёрдам берадиган, уларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берадиган муассасалар, оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга ёрдам қиладиган муассасалар, эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари, идишларини синдириб қўйган болаларга ёрдам берадиган муассасалар, қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари кўринишида бўлиши мумкин.

Исломда вақф мисоллари

Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар ҳақидаги кўрсатмалар асос бўлган. Мазкур хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У зот турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискин фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар. Кейин у зотга Ҳазрати Умар, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, Муоз ибн Жабал каби саҳобалар эргашиб катта миқдордаги вақфларни қилганлар. Аста-секин бу хайрли иш кенгайиб борган ва деярли имкони бор барча саҳобалар вақфлар қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида: «Эй Бани Нажжор! Мен билан мана бу боғингизни баҳолашинглар», дедилар. «Йўқ! Аллоҳга қасамки, унинг баҳосини фақат Аллоҳдан сўраймиз», дейишди. Бас, у Зот уни олиб, масжид қурдилар».

Бу ривоятда Бани Нажжор қабиласи ўзларига мулк бўлган боғ ерини масжид қуриш учун вақф қилганлари ҳақида сўз бормоқда.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. Ким қудуқни сотиб олиб ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур, дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим».

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, вақф қилдилар.

Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишлардан ўрнак олишлари керак. Чунки вақф садақаи жория бўлади, ундан доимий равишда савоб етиб туради.

Ўзбекистонда «Вақф» хайрия жамоат фонди

2018 йил 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ушбу фармонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумот берилди.

«Вақф» хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари сифатида масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш келтириб ўтилган.

«Вақф» хайрия жамоат фондига фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланади.

Фонднинг маблағлари 3 қисмга бўлинади:

1. Хайрия бўлими

2. Вақф бўлими

3. Закот, ушр, фитр ва фидя бўлими.

Ҳозирги кунда 3та бўлимнинг ҳам банкларда алоҳида ҳисоб рақамлари мавжуд. Масалан, бир киши закот учун фондга маблағ ўтказса, ушбу маблағ закот бўлимига тушади ва шариатда айтилган ўринларга сарф қилинади. Умумий қилиб айтганда фонд фақатгина вақф мулкидан иборат эмас.

Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағларни одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимларига уланган. Жумладан, Click, Payme тизимлари орқали «Вақф» фондига пул ўтказиш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистондаги барча банк инфокиоскалар орқали фондга хайрия қилиш имконияти бор. Улардан фонднинг исталган бўлимига нақд ёки пластик карта орқали пул ўтказиш мумкин.

Мавзуга оид