Жамият | 22:50 / 18.12.2018
17162
9 дақиқада ўқилади

Матбуот ва цензура – Юлий Цезардан Пулитцергача

Матбуот – оммавий коммуникация воситаларининг бир қисми. Тарихчилар биринчи газета милоддан аввалги II асрнинг ўрталарида Қадимги Римда пайдо бўлган, дейишади. Ўша пайтда газеталар тахтачаларга ёзиб тарқатилган, аммо ўз вазифасини аъло бажарган экан. Дастлаб норасмий янгиликларни тарқатиш воситаси бўлган бундай «тахта матбуот» тезда ҳокимият назарига тушиб, Юлий Цезарнинг топшириғига биноан унга сенат йиғилишлари ҳисоботлари, ҳарбий саркардаларнинг баёнотлари ва қўшни давлат ҳукмдорларининг мурожаатлари киритиладиган бўлган. 

Шундай қилиб, янгиликлардан бохабар бўлиш учун ўйлаб топилган матбуот ҳали ўзининг куртак ҳолатидаёқ бир миқдорда жамоатчиликнинг қўлидан чиқиб, давлат таъсирига учраган.  

«Рим халқининг кундалик ишлари» – мазкур номдаги оммавий кундалик нашри милоднинг III асригача чоп қилинган, сал кейинроқ бунга ўхшаш янгиликлар нашри Хитойда йўлга қўйилган. Демак, XVII асрга келиб газетанинг биз танийдиган шакли пайдо бўлгунига қадар унинг турли қиёфадошлари мавжуд бўлган. Мазкур шаклга энг яқини «awiso» деб номланиб, у Италияда XVI асрда пайдо бўлди. Қўлда ёзилган «awiso» бутун Европанинг сиёсий ва иқтисодий янгиликларини ёритган.

«Газета» номи эса Италияда муомалада бўлган «gazzetta» майда чақаси (тангаси) номидан олинган. Бу чақага одатда Венецияда бир варақ қўлда ёзилган янгиликларни сотиб олиш мумкин бўлган.

«Станок»

 


Босмахона дастгоҳи ихтиро қилиниши билан янги давр бошланди. XVII аср дунёга янги, аслини олганда, маърифатга хизмат қилувчи кучни олиб келди, бироқ энди нафақат янгиликларни ўз вақтида оммага етказиш ва фойдали фикрларни барчага етказишнинг, балки ахборотнинг катта оқимига мазмун ва йўналиш беришнинг қудратли имконияти пайдо бўлди. Газета орқали нафақат янгиликлар билан бўлишишингиз, хизмат ва маҳсулотингизни реклама қилишингиз, балки ўз империянгиз ва қироллигингиз фуқароларига юритаётган сиёсатингизни «ижобий» кўрсатишингиз, омма дунёқарашига таъсир этишингиз мумкин бўлди. Ахборотни мажбурлаб одамлар онгига сингдириш амалиёти, қайсидир маънода мажбурий обунанинг куртаклари шу пайт кенг кўлам ола бошлади.

Энг биринчи даврий нашр сифатида Страсбург шаҳрида Иоганн Каролюс томонидан ташкил қилинган «Relation aller Furnemmen und gedenckwurdigen Historien» («Буюк хабарлар ва ёдда қоладиган воқеалар сарҳисоби») газетаси эътироф этилади. Каролюс босма станокдан фойдаланиб, газета нархини туширишга ва сотув ҳажмини кўтаришга эришганди. 

Кейинги 50 йил мобайнида Европанинг бошқа мамлакатлари ҳам ўз газеталарига эга бўлди. Эътиборлиси – баъзи газеталар қўшни давлатларда босмадан чиқар эди. Бу билан газетанинг ҳокимлардан мустақиллиги таъминланарди.

Даврий матбуот кучини биринчи бўлиб француз давлат арбоби, кардинал Ришелье (1585— 1642) тушуниб етди. У бу воситанинг омма фикрига нечоғлик таъсир этишини, хабарларни усталик билан тузиш орқали одамлар онги устидан манипуляция қилиш мумкинлигини англаб етиб, бундан унумли фойдаланарди. Ришелье 1631 йилда асос солган «La Gazette» 1915 йилгача яшади. 

XVII асрнинг биринчи ярмигача барча газеталар ҳафталик бўлган, аммо 1650 йилда газетачиликда инқилоб юз беради – Лейпциг шаҳрида «Einkommende Zeitung» кунлик газетаси ташкил этилади. 50 йилдан сўнг эса «The Daily Courant» кунлик газетасига асос солинади. Бу газеталарда йирик ҳодиса ва фалокатлар ҳақида хабар бериларди, зеро бу турдаги хабарлар қиролларнинг обрўсига соя солмасди. Аммо ўша замондаёқ мухолиф матбуот шаклланади.

XIX асрда матбуотда ҳақиқий «портлаш» юз берди – маълум соҳага ихтисослашган газеталар пайдо бўлди: адабиёт, саноат ва савдога оид ва ҳоказо. Хусусий газеталар расмийларини бозордан сиқиб чиқара бошлади. Энди ташқи сиёсат мавзусига алоҳида эътибор қаратила бошланди. 

XX асрга келиб эса газеталарда ички сиёсат, оддий халқнинг ҳаётини ёритиш ҳам йўлга қўйилди. Давлат ва сиёсий тузумни танқид қилишга, мамлакат ичидаги муаммоларни очиқлашга ихтисослашган матбуот пайдо бўлди.

Цензура
Кейинги даврда давлат матбуотни цензура қилишга ўтди. Ҳукмрон тоифалар ўз мақомларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш мақсадида матбуот фаолиятига босим ўтказа бошлашди. Баъзида бундай босим ўта қаттиқ кўриниш олиб, сўз эркинлигини қийин аҳволга солиб қўярди. Ваҳоланки бундан ҳамма, пировардида, фойда эмас, балки зарар кўриши ўз исботини топди. 

Масалан, XIX асрнинг иккинчи ярми Россия империяси учун чинакамига драматик кечди. Европада кечаётган демократик жараёнларнинг шамоли Россияга ҳам етиб келди ва мавжуд режимнинг қусурларини ошкор қилди, давр талабига жавоб бермаслигини кўрсатиб қўйди. Зиёлилар мавжуд тузумни ислоҳ қилиш борасида фикрлар билдира бошлашди. Аммо воқеалар ривожи бошқача тус олди ва охир-оқибат вазият тўлиқ издан чиқди. Бунга маълум маънода цензура ҳам сабабчи бўлганди.

Россия монархи давлатчиликни ислоҳ қилиш борасида турли томондан янграган мантиқли фикрларга эътибор қаратмади, аксинча, матбуотни цензурага тутди. Зиёлилар, мутахассисларнинг садоси ҳавога учди. Кейинчалик юз берган воқеалар ақл ва мантиқ инкор бўлган жойда мантиқсизлик, ақлсизлик ва хурофотлар ин қуришини яна бир бор исботлади. 

Россиянинг чекка қишлоғидан чиққан оддий фирибгар Григорий Распутин монарх оиласининг ишончига кириб, императорнинг норасмий маслаҳатчиси бўлишга эришди ва бутун империя миқёсидаги ишларга бевосита аралаша бошлади. Матбуотни, ҳурфикрликни цензурага учратган монарх тубан хурофот – залолат таъсирига учради.   

Бунинг натижасида ҳолат тўлиқ изидан чиқди. Расо фикрларга ўрин берилмаган жойда ахборот майдонини «ўзгалар» эгаллаши аксиома ўлароқ маълум бўлди. «Аввал дунёни асосигача бузиб, кейин қайтадан тузиш» ғояси билан машҳур бўлган тоифа – ўша пайтда Россияда шаклланган «революционерлар» тоифаси ўз матбуоти билан авом халқнинг эътиборини ўзига ағдара бошлади.

Оқил фикрлар ҳавода муаллақ қолгани боис содда омма онгини манипуляция қилувчилар учун қулай муҳит юзага келди. Цензура унга йўл қўйган монархнинг ўзи учун аянчли оқибат келтирди.      
Пировардида миллионлаб одамларнинг ҳаётини остин-устин қилиб юборган, дунёда ўзгача манзарани юзага келтирган, қуруқликнинг бир қисмида номи социалистик, моҳиятан эса тоталитар бўлган тузумларнинг юзага келиши билан кечган ўзгаришлар юз берди. Бу вазият юзага келишида, юқорида айтганимиздек цензуранинг ҳам ўз ўрни бор.  

Якуний босқич     
Ҳар бир жараён ўз эволюцион ривожланиш босқичларига эга бўлишини – боши ва поёни бўлишини тарих кўрсатди. Хусусан, сўз, фикр эркинлигига қаршилик бориб-бориб мудҳиш, абсурд манзараларни пайдо қилишига инсоният такрор гувоҳ бўлди.

Цензура экстремистик инқилобга замин яратди. Ишларнинг мантиқий давоми большевиклар тузуми юзага келиши билан якунланди. 

Матбуот тўлиқ давлат назоратига ўтди, танқидий фикрлар ман қилинди. Совет тузуми номи биргина сўзи учун жуда кўплаб зиёлиларни қатл қилгани билан ҳам тарихда қолди. 

Мазкур тузум ўз асоратларини қолдирмай қолмади, албатта. Сурункали дардга айланган ўзгача фикрга чидамсизлик, ахборот соҳасини монополия қилишга мойиллик хусусан ўша даврга хос одатлардан. Мажбурий обуна ҳам айнан ўша даврнинг – юз йил аввал фикр қатағони эвазига юзага келган тузумнинг моҳиятан «фарзанди»дир.

Девордаги ёзув
Нью-Йоркдаги Колумбия университети Журналистика мактаби деворига ўрнатилган тошга Жозеф Пулитцер – бу университетга асос солган, машҳур газета ношири бўлган, АҚШдаги энг обрўли мукофотлардан бири унинг номи билан аталган кишининг қуйидаги сўзи ўйиб ёзилган: «Бизнинг республика ва унинг матбуоти иккови бирга юксакка кўтарилади ёки иккови биргаликда қулайди. Иқтидорли, беғараз, жамиятга юзланган, ҳақни ноҳақдан ажрата оладиган ва уни ҳимоя қила оладиган матбуот жамият фазилатини сақлаб қола олади. Бу фазилат бўлмаса ҳукумат муғомбирлик ва таҳқирлаш омилидир. Орсиз, сотиладиган ва демагогик матбуот ўзига мос одамларни юзага келтиради. Республиканинг келажагини шакллантириш ҳуқуқи журналистларнинг келгуси авлоди қўлида».

Шокир Шарипов

Мавзуга оид