Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни олдини олиш масаласи бугунги кунда Ёшларга оид давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан биридир. Шу маънода мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга жамоатчилик вакиллари томонидан ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида ҳам йил давомида амалий ишлар қилинмоқда.

2018 йил мобайнида жиноятчиликни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида ҳамкор ташкилотлар томонидан бажарилган ишларни таҳлил этиш, жойларда бу соҳадаги иш самарадорлигини ошириш, йил сарҳисобини қилиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари томонидан Республика бўйлаб “Мамлакатимизда ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олишнинг долзарб масалалари ва келгусидаги вазифалар” мавзусидаги республика амалий анжумани ўтказилди.

Хусусан, Хоразм вилоятидаги йиғилишда бугунги кунга қадар адашиб жиноят йўлига кирган, содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 33 нафар хоразмлик ёшлар Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгашининг «Ёшлар кафиллиги» асосида суд залидан озод қилинганлиги ва улар билан ҳозирда якка тартибда режалар тузилиб ишланаётганлиги, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш борасида бажарилган амалий ишлар натижасида вилоятда ёшлар жинояти 717 тадан 459 тага, яъни 36 фоизга камайганлиги таъкидланди. Аммо бу борадаги камчиликлар бутунлай бартараф этилганича йўқ. Жойларда ҳали ҳануз ўзининг ечимини кутаётган муаммолар ижобий ҳал этилмагани сабабли Гурлан туманида ёшлар ўртасида жиноятчилик 55,6 фоизга ошган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар Хива шаҳрида 4 тага, Хонқа туманида эса бу кўрсаткич 1 тага, Боғот туманида 3 тага кўпайганини кўрсатмоқда.

Муҳокамалар жараёнида йил давомида бажарилган ишлар танқидий таҳлил этилди. Жумладан, Хива шаҳар ва Гурлан туманларидаги ҳолат ишлар самарадорлигини янада оширишни талаб этмоқда.

Жиззах вилояти Жиззах давлат педагогика институтида ҳам мазкур мавзуда анжуман ташкил этилди. Йиғилишда йил давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилиниб, вилоятдаги ёшларга масъул бўлган раҳбарлар томонидан Зафаробод, Пахтакор, Зомин туманларида ишлар самарадорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Йиғилишдан кейин туман (шаҳар)дан келган раҳбар ходимлар, идора ва ташкилотлар вакиллари уюшган ҳолда 2019 йилда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган иш режа лойиҳаси ишлаб чиқилди.