Ўзбекистон | 16:29 / 21.12.2018
9103
3 дақиқада ўқилади

4 та ҳудудда ўқувчиларни касбга йўналтиришга қаратилган лойиҳалар ишга туширилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 4 та ҳудудда юқори синф ўқувчиларини касбга йўналтиришга қаратилган лойиҳаларни ишга туширди.

Лойиҳа ҳамкори сифатида MyWay ривожлантириш ва касбга йўналтириш маркази қатнашмоқда.

Юқори синф ўқувчиларини касбга йўналтириш лойиҳаси учун Республиканинг 4 ҳудудидан – Тошкент шаҳридаги 18 ва 225-сонли мактаблар, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридаги 5-сонли мактаб, Жиззах шаҳридаги 1-сонли ҳамда Гулистон шаҳридаги 11-сонли мактаблардан иборат 5 та мактаб танлаб олинган. Лойиҳа доирасида 9-10-11-синф ўқувчиларидан жами 929 нафари иштирок этади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – касб танловини ўзлари англаган ҳолда амалга оширишлари учун мактаб ўқувчиларига ёрдам кўрсатиш, бу йўлда уларнинг индивидуал хусусиятларига мос психологик тайёргарликларини шакллантириш, шунингдек, бўлғуси соҳаларни режалаштиришда ўқувчилар омилкорлигини ошириш ҳисобланади. Касбга йўналтириш дастури HP ускунасида ўтказиладиган компьютерли тест синови ва амалий семинардан иборат. Дастур якуни бўйича ҳар бир ўқувчига тест натижалари ҳамда алоҳида маслаҳатлар берилади.

19 декабрь куни бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари билан учрашди. Вазир очиқ мулоқот шаклида ўсмирлар билан англашилган касб танловининг аҳамияти борасида фикрлашиб, замонавий меҳнат бозорининг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди. 

Учрашувда қатнашган “MyWay Proforientation” МЧЖ директори Вячеслав Кан ҳамкор “Гуманитар технологиялар” тест ўтказиш маркази томонидан тақдим этилган компьютерли экспресс-тест синови мактабларда қўллаш учун қулайлиги ва бутун МДҲ бўйича кўплаб ҳудудларда муваффақиятли қўлланилаётганини таъкидлаб ўтди. Тест синовидан Ўзбекистоннинг барча болалари бирдек фойдалана олиши учун компания мазкур дастурни ўзбек тилига ўгириш ва мослаштириш ишларига киришган.

Учрашув якунида Шерзод Кудбиев мактаб кутубхонасига совға тариқасида “юмшоқ кўникмалар”ни ривожлантириш ва шахс сифатида камол топишга кўмаклашувчи замонавий китоблар тўпламини тақдим этди.

Лойиҳани амалга ошириш натижаларига кўра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мактаб ва коллеж ўқувчилари орасида касбга йўналтиришни жорий этиш бўйича таҳлилий материал ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид