Жаҳон | 17:45 / 21.12.2018
11778
2 дақиқада ўқилади

YouTube Навальнийнинг Путин матбуот анжуманидан трансляциясини блоклади. «Биринчи канал» буни хато деб атади

Фото: ТАСС/Сергей Фадеичев

Алексей Навальнийнинг хабар беришича, YouTube «Навальний LIVE» каналининг Владимир Путин матбуот анжуманидан трансляциясини «Биринчи канал» шикояти туфайли блоклаб қўйган. Трансляциянинг бу қисми YouTube’да жойлаштирилди.

Навальний сўзларига кўра, блоклашга кадрда канал бошловчиси Мария Кимнинг кўриниши сабаб бўлган. Сиёсатчининг билдиришича, унинг овози ва юзи «Биринчи канал»га тегишли, қоидабузарлик эса улар Навальний каналида пайдо бўлганига алоқадор.

«Ўйлайманки, YouTube ҳаммасини блокдан чиқаради, сабаби биз трансляцияга ҳуқуқни расман сотиб олгандик. Бироқ, уларнинг изоҳли трансляция сабаб қанчалик асабийлашаётгани ва ҳаммасини тақиқлаб қўйиш бўйича янги услублари одамни кулдиради», - деди сиёсатчи Алексей Навальний.

«Биринчи канал»нинг TJ’га билдиришича, YouTube’да муаллифлик ҳуқуқига риоя этилишига масъул бўлган пудратчи электрон фарқлаш бўйича «Катта ўйин» дастурининг қароқчи нусхаларини «тозалаш» билан шуғулланган. Телеканал вакилининг таъкидлашича, бу ҳолат туфайли нафақат Навальний, балки бошқа каналлар ҳам, жумладан, «Рупор Москви», «Дождь», «Комсомольская правда», Life, Спутник, Россия 24, Москва 24, РИА «Новости», ТАСС ҳамда барча тиллардаги RT жабр кўрди. Бироқ, уларнинг ҳеч бири блоклаш ҳақида шикоят қилмаган.

«Биринчи канал»дан қайд этишларича, блоклаш Москва вақти билан эрталаб соат 9да бўлган, у соат 11да тўғриланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид