21.12.2018 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-506-сон Қонун эълон қилинди.
 
Norma’нинг ёзишича, ҳужжат  билан Ер ва Солиқ кодексларига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида» ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунларга тузатишлар киритилди.
 
Биринчидан, фуқаролар йиғинларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Илгари “маҳалла”ни фақат ерларни муҳофаза қилишга, яъни уларни бузилишининг олдини олишга жалб қилишар эди. Энди ўзини ўзи бошқариш органлари экин майдонларидан самарали фойдаланилишини жамоатчилик назорати тартибида кузатадилар.
 
Масалан, фуқаролар йиғини кенгаши ўз ҳудудида ҳар бир  деҳқон хўжалиги ёки томорқа ер эгаси учун етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз ҳажмларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Илгари бу фақат Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2018 йилдаги 205-сон қарорида назарда тутилган эди.
 
Эслатиб ўтамиз, барча маҳаллалар учун “режа” ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади, ҳоким ва халқ депутатлари кенгаши эса тасдиқлайди.  Ўзини ўзи бошқариш органи деҳқонлар ва томорқа ер эгалари ўртасида ҳажмларни тақсимлайди. Бунда прогноз кўрсаткичларнинг бажарилмаслиги:
 
• якка тартибдаги уй-жой қурилиши ҳамда уй-жойни ободонлаштириш мақсадида берилган ер участкаларидан 3 баробар ер солиғи;
• уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишига сабаб бўлади.
 
Иккинчидан, деҳқон хўжалиги учун ерни ҳали оила қурмаган ва қишлоқ жойларда 3 йил мобайнида яшамаган ёш фуқароларга беришга рухсат этилди. Бундай талабгорлардан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсияси талаб этилади. Бу қоида билвосита жаҳонда оммабоплик касб этаётган шаҳардан қишлоққа кўчиб ўтиш («дауншифтинг») учун шароит яратади.
 
Эслатиб ўтамиз, илгари шу каби тавсиялар фермер хўжалиги юритиш мақсадида ер олиш учун баҳоланиши мумкин бўлган 80 баллдан қўшимча 10 балл бериши белгиланган эди. Бироқ, фермер бўлиш истагида бўлганлар орасида бошқа тенг шартларда ҳануз мазкур жойда яшовчилар устун ҳуқуққа эга.