23:02 / 25.12.2018
100963

Шавкат Мирзиёев ДХХнинг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди 

Бугун, 25 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Давлат хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида хабар қилинди.

Хабарда билдирилишича, президент ДХХ махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан суҳбатлашди ва ДХХ махсус операциялари жараёнида фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналарни кўздан кечирди.

Давлат раҳбари халқ тинчлиги ва осойишталигини сақлаш устувор вазифа эканлигини, ҳар бир аскар ўз шарафли масъулиятини қалбдан ҳис этиши, ҳар дақиқа ҳушёр ва огоҳ бўлиши зарурлигини таъкидлаб, муҳим кўрсатма ва вазифаларни белгилаб берди.

Президент ДХХ биносида ходимларнинг тезкор фаолият олиб боришлари учун яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган йиғилишида ДХХ тизимидаги ислоҳотлар натижалари ва галдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. ДХХнинг бошқа давлат органлари ва идоралари билан ички ҳамда ташқи таҳдидларга қарши курашдаги ҳамкорлигини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган диний-экстремистик ташкилотларнинг собиқ аъзолари ва тарафдорларини оддий ҳаётга қайтаришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш масаласига эътибор қаратди. Мазкур шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш, ишга жойлаштириш ва жамият ҳаётига жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, давлат раҳбари коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Президент Ўзбекистон халқининг ижтимоий хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Озиқ-овқат, энергетика, тиббиёт ва бошқа соҳаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича йўналишлар кўрсатиб берилди.

Top