Жаҳон | 23:53 / 25.12.2018
21047
2 дақиқада ўқилади

Хитойликлар мисдан деярли “олтин” олишди

Хитойлик олимлар жамоаси мисни деярли олтинга ўхшаш янги материалга айлантиришди. Ушбу ихтиро ноёб, қимматбаҳо металларни қўллашни анча камайтиришга имкон беради.

Профессор Сунь Цзянь ва унинг ҳамкасблари мисга иссиқ, электр зарядланган аргон гази оқимини катта босимда йўналтиришди. Бунда тез ҳаракатланувчи ионлашган зарралар мис атомини портлатган. Шундан кейин мис атомлари совиб, тўпловчи қурилма устига майда қум зарралари каби чўккан. Ҳар бир зарра бир неча нанометр диаметрга эга бўлган.

Олимларнинг таъкидлашича, мис нанозарралари олтин ёки кумушнинг кўрсаткичларига ўхшаш кўрсаткичларга эришган.

Янги материални қалбаки тилла тангалар тайёрлаш учун қўллаб бўлмайди, чунки унинг зичлиги мисники каби сақланиб қолади. Бироқ олимларнинг фикрича, янги “олтин” бошқа соҳаларда ўз татбиғини топиши мумкин.

Олтин ўзининг кимёвий инертлиги ва табиатда кам учрашига қарамай, бугунги кунда органик молекулаларнинг турли типларининг ўзгаришини тезлаштирувчи кўплаб кимёвий катализаторлар учун асос сифатида қўлланади. Мисол учун, олтин бугунда спиртнинг турли бирикмаларини ва унга ўхшаш моддаларни шакллантиришда қўлланади.

Олимлар анчадан бери олтинни бошқа арзонроқ металлар ва ноорганик элементлар билан алмаштиришга уриниб келишади. Бироқ кимёгарлар ҳам, бошқа мутахассислар ҳам оксидловчиларнинг таъсирига яхши қаршилик кўрсатувчи ва шу билан бир вақтда реакцияларни тезлатувчи олтинга ўхшаш моддани ҳали олишга муваффақ бўлишмаган.  

Мавзуга оид