Жамият | 20:00 / 25.12.2018
11941
3 дақиқада ўқилади

Янгиариқдаги 16-мактаб обод қилинмоқда – Kun.uz танқидидан сўнг вазият ўнгланди

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани, Гулобод қишлоғининг Собурзон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар 16-сон умумтаълим ўрта мактабида фарзандларининг таълим олиши учун шароитлар оғир экани ҳақида Kun.uz таҳририятига шикоят қилишган эди.

Биз ўқув даргоҳидаги вазиятни ўрганиб, суриштирув ўтказиб, бу ҳақда Янгиариқ туманидаги 16-сон мактаб «Обод қишлоқ» дастури асосида «обод қилинди» номли танқидий мақолани чоп этган эдик.

Шундан сўнг, вазиятга Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси аралашди. Мақоладаги фактлар текширилиб, пудратчи корхонанинг иши таҳлил қилинди. Бажарилган ишлар ҳажми ўлчаниб, сарфланган бюджет маблағлари тафтиш қилинди. Мактабнинг таъмирланишида йўл қўйилган камчиликлар бартараф қилинди.

Хусусан, мактаб томининг чакка ўтган жойлари қайта таъмирланиб, яроқли ҳолатга келтирилди.

Спортзал таъмирланиб, пол бўялди, иситиш мосламалари ёпилди. Энди ойналарга темир тўр ўрнатилса кифоя.

Спорт машғулотларидан кейинги кийиниш ва ювиниш хоналарига сантехника ускуналари ўрнатилди, канализацияга уланди.

Физика ва кимё фани кабинети таъмирланиб, тайёр ҳолатга келтирилди. Энди Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабга махсус жиҳозлар, лаборатория ускуналари етказиб берилса, кабинетда тўлақонли дарс ўтиш имконияти ҳам пайдо бўлади.

Мактаб ўқувчилари қўлини ювиши учун раковиналар ва иситувчи мослама ҳам ўрнатилди.

Сифатсиз ўрнатилган ойна ва эшиклар тузатилди. Уларнинг барчаси очилиб-ёпиладиган ҳолатга келди.

Пудратчи корхона томонидан ўрнатиб берилган ва чиқиш жойларини кўрсатиб турувчи белгилардаги имло хатолари тузатилди.

Қозонхонадан мактабга уланган иссиқлик тармоғи трубалари изоляция қилинди, ўралди ва кўмилди. Натижада, совуқ об-ҳаво шароитида иссиқлик энергиясининг беҳуда йўқотилишига барҳам берилди. Мактаб даҳлизи ва ўқув хоналаридаги ҳарорат меъёрга мос ҳолатга келтирилди.

Мактаб биносининг деразасиз қолган жойларига деразалар ўрнатилди. Уларга ойна қўйилди.

Мактаб атрофи ҳам обод қилинмоқда, болалар учун хавфсиз ҳудудга айлантирилмоқда.

Мактаб қозонхонасига электр генератори олиш учун пул ўтказиб берилди. Агар электр энергиясида узилиш юз берса, котёллар генератор орқали ишлайди. Натижада, мактабнинг иситиш тизими совуқда музлаб, ёрилиб кетишининг олди олинади.

Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси томонидан танқидий мақолага эътибор қаратилиб, камчиликларнинг бартараф қилиниши, аҳолининг оғири енгил қилиниши қувонарли ҳол. Умид қиламизки, «Обод қишлоқ» дастури асосида жуда катта миқдордаги бюджет маблағларига қурилаётган, таъмирланаётган бошқа ҳудудлардаги объектлар ҳам мутасадди ташкилотлар эътибори, назоратидан четда қолмайди.  

Нурмуҳаммад Саид 

Мавзуга оид