Ўзбекистон | 20:29 / 26.12.2018
11185
3 дақиқада ўқилади

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари бўйича қарор лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Pinterest

“Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон президентининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фойдали қазилмалар захиралари давлат балансида ҳисобга олинган конлар ва истиқболли майдонлар жойлашган ер участкаларини беришда (реализация қилишда) ер фонди тоифасидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитасининг ижобий хулосаси олиниши белгилаб қўйилади.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия асосида ер қаъридан фойдаланувчининг мурожаатига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли ер участкалари ўн кундан ошмаган муддатда очиқ савдоларсиз, тўғридан-тўғри лицензиянинг амал қилиш муддати ва ер қаъри участкасининг чегараларига мувофиқ ажратиб берилади.

Шунингдек, норуда фойдали қазилмалари ер участкаларининг чегараларини жойида белгилаш ишлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан бир вақтнинг ўзида ер қаъридан фойдаланувчи иштирокида амалга оширилади.

Қарор лойиҳасида айтилишича, 2019 йил 1 июлдан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аниқланган норуда фойдали қазилмалар конлари ҳамда 2020 йил 1 январдан барча норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион якунлари асосида 20 кундан ошмаган муддатда берилади.

Бунда, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ишларини молиялаштирган юридик ва жисмоний шахсларнинг ўзлари қидириб топган кондан фойдали қазилмаларни қазиб олишга лицензия олишда уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари сақланиб қолинади. 

Табиий пардозбоп тошларни (мармар, гранит, травертин ва оҳактош) қазиб олиш ва уларнинг техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун лицензияга эга бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар 2022 йил 1 январга қадар:

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш, уларга ишлов бериш, шунингдек, табиий пардозбоп тошларнинг техноген минерал ҳосилаларини қайта ишлашга мўлжалланган махсус техника ва ускуналар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади;

табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш, уларга ишлов бериш, шунингдек, табиий пардозбоп тошларнинг техноген минерал ҳосилаларини қайта ишлаш фаолияти бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда мазкур солиқ бўйича белгиланган ставка икки баробарга пасайтирилади.

Мавзуга оид