Жамият | 09:30 / 26.12.2018
5596
3 дақиқада ўқилади

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ 2018 йилда қандай ишларни амалга оширди?

2018 йилда йўловчи хўжалигини янада ривожлантириш йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан жамият ва давлат аҳамиятидаги қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил апрель ойида жаҳон андозаларига мос, барча қулайликларга эга замоновий Тошкент Жанубий вокзали ва ноябрь ойида Хива вокзали қурилиши якунланиб, йўловчиларга фойдаланиш учун топширилди. Шунингдек, сентябрь ойида «Шаҳрисабз» вокзали очилиб, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоезди Шаҳрисабз йўналиши бўйлаб ҳаракатланишни бошлади.

Янги вокзаларда тиббиёт хоналари, юқори даражали хизмат кўрсатиш заллари, сайёҳлар учун махсус заллар, она ва бола хоналари, электрон кутубхоналар, жаҳон ва ўзбек адабиёти кутубхоналари, мажлислар заллари ва миллий ёдгорликлар расталари мавжуд. Ушбу вокзаллар очилиши муносабати билан қўшимча 216 та иш ўрни яратилди. Замоновий вокзаллар олд ҳудудлари кўкаламзорлаштирилиб, замоновий фавворалар, ҳордиқ чиқариш учун қулай ўриндиқлар билан жиҳозланди ва кўнгилочар хиёбонга айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги фармони ижросини таъминлаш ҳамда дам олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланиш, ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида шу йилнинг январь ойи – «Янги йил байрами», март ойида – «Наврўз» байрами, август-сентябрь  ойларида – «Мустақиллик» байрами ва декабрь-январь ойларида «янги йил байрами» муносабатлари билан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан оилавий, жамоавий, талабалик ва нафақахўрлар учун йўловчи поездлари чипталарига 50 фоизгача чегирмалар жорий этилди.

2018 йилнинг 12 ойи давомида 22 900 000 дан ортиқ йўловчи «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан ўз манзилига тез, қулай ва хавфсиз етказилди. Уларнинг 340 000 нафарини хорижий сайёҳлар ташкил этади. Жорий йилнинг расмий саналари ва байрам кунларида жами 121 139 та чипта чегирма асосида сотилди.

Бундан ташқари, янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда, мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида қўшимча тақдим этилган 5 кунлик дам олиш кунларида (30 декабрь-3 январь) «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан амалдаги йўловчи поездлар рейсларидан ташқари қўшимча 26 рейс жорий этилди. Ушбу рейсларда таклиф этилган жойлар сони 10 000 тани ташкил этиб, улар темир йўл чиптахоналарида фуқароларга имтиёзли равишда расмийлаштирилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид