Ўзбекистон | 22:35 / 27.12.2018
5145
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан бир-бирини қизғин табриклаб, олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилиши ва амалий ҳамкорлик ривожланиши натижаларини баҳоладилар.

Президентлар 2018 йил қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида дўстлик ва ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш даври бўлганини таъкидладилар.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи самаралари ҳамда август ойида Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги учрашувларнинг амалий натижалари икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шериклик ривожига янги суръат бағишлади.

Тошкент ва Ашхободда муваффақиятли ўтган миллий кўргазма ва бизнес тадбирлари, Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилгани товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кучайтиришга хизмат қилди.

Давлат раҳбарлари минтақанинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини ҳамда фаол ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқалар тарафдори эканликларини таъкидладилар.

Дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга томонларнинг интилиши муштарак экани қайд этилди. 

Суҳбат якунида Президентлар янги – 2019 йилда қардош халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тиладилар.

Мавзуга оид