Ўзбекистон | 22:32 / 27.12.2018
5656
3 дақиқада ўқилади

Сувни тежайдиган замонавий технологияларни ва агротехника тадбирларини жорий қилишдаги камчиликлар саналди — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенг жорий қилиш учун қулай шароит яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда сўнгги йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар кўрилгани, 2008–2017 йиллар давомида давлат бюджетидан 3,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, 2172,8 км ирригация тизимлари, 368,8 км лотокли суғориш тармоқлари, 347 дона гидротехник иншоотлар, умумий ҳажми 1581,3 млн кубометр бўлган сув омборлари ва бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиниши натижасида 1,7 млн гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг сув таъминотини яхшилашга эришилгани қайд этилган.

Шунингдек, ушбу давр мобайнида мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва ремонт ишларига 2,5 трлн сўм ажратилиб, 2,5 млн гектар суғориладиган майдоннинг мелиоратив ҳолатининг яхшиланишига, ер ости сувларининг барқарорлигини таъминланишига ва меъёрда ушлаб турилишига эришилган.

Шунинг билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида, айниқса, пахта хомашёсини етиштиришда сувни тежайдиган замонавий технологияларни ва илмий асосланган агротехника тадбирларини жорий қилишда жиддий қолоқликларга йўл қўйилиб, мавжуд сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш даражаси ҳамда пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолаётган қайд этилган, жумладан:

  • биринчидан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, пахта хомашёсини ушбу технологияни жорий қилган ҳолда ишлаб чиқарувчиларни ҳамда томчилатиб суғориш тизими ва унинг бутловчи қисмларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш бўйича самарали механизми мавжуд эмаслиги;
  • иккинчидан, юқори ҳосилдорликка, табиий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга эришишни таъминлайдиган, тупроқ-иқлим ва бошқа табиий шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишнинг илмий асосланган агротехника қоидалари мавжуд эмаслиги;
  • учинчидан, пахта хомашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш тизимини ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш, лойиҳалаш ва қуриш, пахта хомашёсини етиштиришда маҳсулот сифатини назорат қилиш масалалари эътибордан четда қолаётгани;
  • тўртинчидан, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланган ҳолда етиштиришга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги экинларининг, айниқса ғўзанинг маҳаллий навлари селекцияси соҳасида илмий изланишларни жадаллаштиришда юқори талаб мавжудлиги;
  • бешинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун қишлоқ хўжалиги техникаси, машина ва механизмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани;
  • олтинчидан, замонавий томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш ва илмий асосланган агротехника қоидаларини жорий қилиш бўйича кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, илғор хорижий тажриба ва ноу-хауларни амалиётга жорий қилиш тизими талабга жавоб бермаслиги.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид