Инсон бу дунёда бошидан турли синовларни, дард ва ташвишларни ўтказади. Ҳаёт йўли бир текис эмас. Кучли ирода ҳар қандай қийинчиликларни сабр ила енгиб ўтишга қодир. Оғир қисматга учраб, кўнгли ярим бўлиб қолган бўлса-да, ўз иродаси ва ён-атрофидаги яқинлари меҳрибонлиги, қўллаб-қувватлови билан бу ҳаётда бахтли яшаётган юртдошларимиз талайгина.
Айниқса, ногиронлиги бўлган инсонларга берилаётган ижтимоий кўмаклар уларнинг кўнглини шод этиши билан бирга уларни яшашга бўлган ишончини янада оширади.
Аммо кўмакка чўзилган қўл миннатли бўлса-чи?! Бугун берилган ёрдам учун эртага яна азоб-уқубат, кўз ёшлар тўкилса-чи?! Бундай ҳолатлар шундоғам кўнгли ярим бўлган инсонларнинг ўзини хўрлангандек ҳис қилишига сабаб бўлмайдими?
Бежиз бу мавзуда сўз очмадик. Kun.uz таҳририятига Паст Дарғом туманида яшовчи, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Севара Нурмуродовадан келган мурожаат шундай фикр юритишимизга сабаб бўлди.
Ушбу мурожаат юзасидан Севара билан учрашдик, унинг дардини ва қийнаётган муаммоларини тингладик.
Севара Нурмуродова 1992 йилда туғилган. Айни вақтда икки нафар – 7 ёшли Ҳасан-Ҳусан фарзандлари бор. 2016 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли унинг умуртқа поғонаси лат ейди ва юриш бахтидан бир умрга айрилади. Фақат ногиронлик аравачасида ҳаракатлана олади. Шу туфайли турмуш ўртоғи билан ҳам ажрашиши унга яна бир оғир зарба бўлади. Ногиронлиги бўлса-да, яқинлари кўмагида фарзандларини тарбиялаб келмоқда.

Албатта, юртимизда ногиронлиги бўлган инсонлар ижтимоий муҳофазага олинган. Мунтазам равишда кўмаклар берилиб, арзон уй-жойлар билан таъминланмоқда.
“Менинг ҳам уй-жойга эҳтиёжим борлиги учун Паст Дарғом тумани ҳокимлигига мурожаат қилгандим. 2017 йил 24 декабрда орзум ушалди. Менга тантанали равишда икки хонали уй беришди. Биласизми, қувончим дунёга сиғмасди ўша пайт. Президентимиздан, вилоят ва туман раҳбарларидан беҳад миннатдор бўлдим. Телевидение съёмка қилди, тўлқинланиб, интервьюлар бердим. Аммо яқинда туман ҳокимлигидан уйни қайтариб беришим кераклигини айтишганида жуда ёмон аҳволга тушдим... Бу уйнинг эгаси бошқа эмиш...” — дея Севара Нурмуродова кўз ёшлари туфайли сўзларини охиригача давом эттиролмади.
Аслида нима бўлган?
2017 йил 1 декабрда “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди. Фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тумандаги ногиронлиги бўлган айрим фуқароларга арзон уй-жойлардан берилган. Севара Нурмуродовага ҳам туманнинг “Пўлатчи” маҳалласида қурилган икки қаватли уйлардан икки хонали хонадон ажратилган.


















