Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида ой давомида содир бўлган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Умуман олганда, ойнинг охирида кўчмас мулк бозорининг таҳлили қисқа муддатда ижобий динамикани кўрсатади. Май ойида 21,6 мингта уй-жой сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 9 фоизга юқори.

Ўтган йилнинг май ойига нисбатан уй-жой бозоридаги фаоллик 15,2 фоизга камайди. Икки ойлик ўсишга қарамай, жорий фаоллик даражаси ҳали ҳам бир йил олдинги даражадан паст бўлиб қолмоқда, бу эса талабни чекловчи доимий омилларни кўрсатмоқда.

Ҳудудий маълумотларга кўра, уй-жой савдосининг энг катта ўсиши Самарқанд вилоятида – қарийб 21 фоизга, Андижон ва Наманган вилоятларида мос равишда 19,3 ва 15 фоизга кузатилган.

Май ойида уй-жой ижара бозори апрел ойидаги пасайишга нисбатан мўътадиллашди. Апрел ойи билан таққослаганда пойтахтнинг аксарият туманларида сезиларли ўсиш қайд этилмади, ўсиш атиги 1,2 фоизни кўрсатди. Тошкентда уй-жой ижара нархи бир квадрат метри учун 8,4 долларни ташкил этди.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи ҳамон юқорилигича қолмоқда, ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метри учун ўртача 10,5 долларни кўрсатмоқда.

Бошқа туманларга нисбатан арзон уй-жой ижара нархлари Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг май ойига нисбатан пойтахт ижара бозори 6,7 фоизга қисқарган.

Республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари май ойида 1,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 10,3 фоизга ошди, бу инфляция кўрсаткичларига яқинроқ.

Ўтган ойда мамлакатда иккиламчи уй-жойлар нархлари динамикаси ўртача ўсиш билан тавсифланади. Май ойида иккиламчи бозорда ўртача нархлар ўтган ойга нисбатан 1,3 фоизга ошди. Йиллик кўрсаткичларда нархларнинг сезиларли даражада - 10,3 фоизга ўсиши кузатилмоқда, бу эса иқтисодиётдаги умумий инфляция даражасига яқинлашмоқда.

Ойлик динамиканинг бир оз юмшашига қарамай, иккиламчи уй-жой нархларининг узоқ муддатли ўсиш тенденцияси давом этмоқда.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши қайд этилган ҳудудлар Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари бўлиб, уларда нархлар ўртача 18,7 фоизга ошган.