Ўзбекистон | 08:34 / 28.12.2018
6357
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг асосий вазифалари белгиланди

2018 йилнинг 27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Ташқи ишлар вазирлигида видеоселектор учрашувини ўтказди. Унда президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспортга кўмаклашиш ва экспорт географиясини кенгайтириш, Ўзбекистонга туристлар оқимини ошириш бўйича топшириқларини вазирлик ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар томонидан бажарилиши якунлари сарҳисоб қилинди, шунингдек, 2019 йилда ушбу соҳалардаги ишларнинг устувор йўналишлари белгиланди.

ТИВ хабарига кўра, йиғилишда видеоалоқа воситасида Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишда ТИВ марказий аппарати ва хориждаги муассасалари фаолияти танқидий таҳлил қилинди.

Шу билан бирга, идоралараро ҳамкорлик билан боғлиқ мавжуд камчиликлар, сифатли лойиҳа ва тижорий таклифларнинг йўқлиги, шунингдек, бир қатор техник тўсиқларнинг мавжудлигига қарамай, кўплаб дипломатик ваколатхоналар ташқи иқтисодий фаолиятнинг мазкур учта йўналишида ижобий кўрсаткичларни намоён эта олганликлари қайд этилди.

Давлат раҳбари хориждаги муассасаларнинг ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигига катта эътибор қаратаётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Қашқадарёга сўнгги ташрифлар давомида Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Хитой, Япония, Корея Республикаси, Кувайт, Малайзия, Саудия Арабистони, Туркманистон, Буюк Британия, Эрон ва Польшадаги элчилари ҳисоботларини шахсан тинглади ва ушбу ҳудудлар туманларига хорижий инвестициялар ва молиявий-техник кўмакни жалб қилиш бўйича ишни кучайтиришга қаратилган аниқ кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон маҳсулотларининг экспортини кўпайтириш бўйича қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида хориждаги муассасалар томонидан изчил иш олиб борилмоқда, жумладан:

- доимий равишда дипломатик ваколатхона жойлашган мамлакат бозорини таҳлил қилиш, мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда;

- Ўзбекистон мева-сабзавотларини олиб кирилишига қаратилган хорижий давлатларнинг карантин чекловларини олиб ташлаш мақсадида карантин органлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган;

- Маҳаллий экспортчиларга маҳсулотни ташқи бозорларга чиқариш, уларнинг хорижда кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишларида ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда, мустаҳкам экспорт шартномаларини имзолаш юзасидан иш олиб борилмоқда;

- «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида маҳаллий маҳсулотларни хорижда илгари суриш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда;

- 2018 йилнинг 27-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган «Made in Uzbekistan» биринчи халқаро экспорт кўргазмали ярмаркасида 24 та хорижий давлатлардан 165 нафар вакиллар иштироки таъминланди;

- Дипломатик ваколатхоналарга бириктирилган минтақалар кесимида экспортни илгари суриш масалалари бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

2018 йилда ТИВ ва хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалар томонидан мамлакатга туристлар оқимини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилди.

2017 йилда туристик хизматлар экспорти 546,9 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич 2018 йилнинг 10 ойи давомида 875,6 млн. долларга етди. Жорий йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 4,9 млн. чет эл фуқаролари ташриф буюрда ва бу 2017 йилнинг шу давридаги кўрсатгичга (2,5 млн.) нисбатан 94%га кўпдир.

2018 йилда туристлар оқимини ошириш учун 9 та давлат, хусусан Исроил, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Туркия, Корея Республикаси, Япония, Тожикистон ва Франция фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди. Бугунги кунда 18 та давлат фуқаролари кириш визасини олмасдан Ўзбекистонга ташриф буюра олади.

Ўтган йилда хориждаги ваколатхоналар томонидан Ўзбекистон туристик имкониятларининг 250 дан ортиқ тақдимотлари ўтказилди. Дипломатик миссиялар чет элда ўтказилган 50 дан ортиқ туристик кўргазмаларда иштирок этди. Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тўғрисида 1,2 минг атрофидаги материаллар хорижий босма ва электрон ОАВда нашр этилиши ҳамда чет эл телеканалларида намойиш этилиши ташкиллаштирилди.

«Зиёрат-туризмни» оммавийлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

2018 йил давомида ТИВ томонида чет элдаги дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда Ҳукуматлараро комиссиялар ва кичик қўмиталарнинг 23 та мажлиси ишлаб чиқилди ва муваффақиятли ўтказилди.

2018 йил бошидан буён Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Грузия, Хитой, Европа иттифоқи, АҚШ, Япония, Вьетнам, Ҳиндистон, Франция, Германия ва Эрон билан Ҳукуматлараро комиссияларнинг мажлислари ўтказилиб, уларда савдо-иқтисодий, инвестицион соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий масалалари кўриб чиқилди ва ҳал этилди.

Йиғилишда Ўзбекистоннинг хориждаги бир қатор элчилари ҳисоботлари тингланди. ТИВ марказий аппарати ва хориждаги муассасаларимизнинг республиканинг дипломатик ваколатхоналарга бириктирилган минтақаларида тезкор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш мақсадида уларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспортни илгари суриш ва туристлар оқимини ошириш бўйича етарлича манзилли ишларни амалга оширилмагани, имзоланган ҳужжатларни ўз вақтидан кечиктириб бажарилиши, тасдиқланган «йўл хариталари»ни ҳаётга татбиқ этиш устидан суст назорат ўрнатилганлиги ҳамда республика иқтисодий тузилмалари билан ТИВ ўртасида тизимли мувофиқлаштиришнинг йўқлиги кўрсатиб ўтилди. 2019 йилда ТИВ ва чет элдаги муассасаларнинг ташқи иқтисодий фаолиятини фаоллаштириш бўйича давлат раҳбарининг топшириқларини амалга ошириш учун дипломатик ваколатхона раҳбарлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Мавзуга оид